Тошкентда янги аэропорт очилса, эскиси ёпилиши мумкин
Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев пойтахт учун янги халқаро аэропорт қурилиши июнда бошланишини, ишга тушгач амалдаги аэропорт ёпилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
© transport vazirligiТошкент шаҳрида янги халқаро аэропорт қурилиши 2026 йил июн ойида бошланиши кутилмоқда. Янги аэропорт фойдаланишга топширилганидан сўнг ҳозирги аэропорт фаолияти тўхтатилади. Бу ҳақда транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Gazeta.uz'га маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, янги инфратузилмани ишга тушириш билан эски аэропортни сақлаб қолиш мантиқан мақсадга мувофиқ эмас. Шу билан бирга, амалдаги аэропорт ҳудудида қандай лойиҳа амалга оширилиши ҳозирча аниқ эмас.
«Аслида концептуал ечим бор, хусусий шерик билан келишилган шартлар мавжуд. Агар янгисини очсак, эскисини ёпишимиз керак. Бу мантиқан тўғри. Унинг ўрнида айнан нима бўлиши эса ҳозирча номаълум», — деди Жасурбек Чориев.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Мазкур келишувни май ойи ўрталаригача имзолаш режалаштирилган. Ҳужжат тасдиқлангач, ҳукумат томонидан қисқа муддатда кўриб чиқилиб, қурилиш ишларига старт берилади.
«Иштирокчилар аллақачон тайёр, у ерда катта консорциум тузилган. Биз хусусий инвестор билан ҳам хусусий, ҳам давлат шериги томонидан қўйиладиган барча шартлар баён этилган асосий ҳужжатни имзолашимиз керак», — деди Жасурбек Чориев.
Унинг сўзларига кўра, давлат аэропортни йўловчилар билан таъминлаш бўйича аниқ мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди.
«Прогнозлар бор ва улар жуда яхши. Бизда йиллик ўсиш 30 фоиз атрофида. Бу жуда катта кўрсаткич. Бунинг учун, албатта, инфратузилмани ривожлантириш жуда муҳим. Тушуниб турибмизки, 2029 йилга бориб ҳозирги аэропортимиз ўз салоҳиятини тўлиқ сарфлаб бўлади. Шунинг учун биз самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш бўйича имкониятлари камида икки баравар кўп бўлган янги аэропортни очишимиз керак», — деб таъкидлади у.
Лойиҳа тафсилотлари
Янги аэропорт Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида 1300 гектар майдонда барпо этилади. Лойиҳа халқаро консорциум иштирокида амалга оширилиб, унга Саудия Арабистони, Япония ва Жанубий Корея компаниялари жалб этилган.
Биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар инвестиция ҳисобига аэровокзал ва аэродром қурилади. Натижада аэропорт йилига 20 миллион йўловчи ва 129 минг тонна юк қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, соатига 30 та учиш-қўниш амалиёти, 14 та телескопик трап ва бир вақтнинг ўзида 62 та самолётни жойлаштириш имконияти яратилади.





