add

Украина энергетикасида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди

Bugun 14:542 daqiqa

Россия зарбалари ва совуқ об-ҳаво туфайли Украина энергетика тизими оғир босим остида қолди.

Украина энергетикасида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди

Россиянинг давом этаётган ҳужумлари фонида Украина энергетика тизимида фавқулодда ҳолат режими жорий этилади. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 14 январ куни маълум қилди. Унинг таъкидлашича, зарар кўлами катта бўлиб, таъмирлаш ва коммунал хизматлар электр ҳамда иссиқлик таъминотини тиклаш учун сутка давомида ишламоқда.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, вазият айниқса пойтахт Киевда мураккаб. Уруш бошланганидан бери илк бор бундай кўламдаги энергетик инқироз кузатилмоқда. Шу сабабли шаҳарда энергетика билан боғлиқ барча жараёнларни мувофиқлаштириш учун доимий ишлайдиган махсус штаб ташкил этишга қарор қилинди.

Президент ҳукумати халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни кучайтириб, қўшимча ускуналар ва ёрдам олиш бўйича ишларни тезлаштиришини билдирди. Шу билан бирга, захира энергетика ускуналарини тармоққа улаш жараёнларини соддалаштириш мақсадида дерегуляция чоралари кўрилади. Электр энергияси импорти ҳажмини ошириш ҳам кун тартибида турибди.

Зеленский жуда совуқ об-ҳаво даврида комендантлик соати қоидаларини қайта кўриб чиқиш эҳтимоли борлигини ҳам айтди. Бу қарор аҳолининг хавфсизлиги ва ҳаётий хизматлар узлуксизлигини таъминлашга қаратилган.

14 январ куни Киев шаҳар мэри Виталий Кличко пойтахтдаги вазиятни «жуда оғир» деб баҳолади. Унинг маълумотларига кўра, ҳозирда шаҳарда тахминан 400 та кўп қаватли уй иссиқликсиз қолган.

«Ўнг соҳилда иссиқлик билан боғлиқ вазият анча барқарорлашган. Қийинроғи — шаҳарнинг чап соҳилида», — деди Кличко. Унинг айтишича, ҳозир Киевда электр узилишларининг соатбай жадвали амал қилмаяпти, шаҳар фавқулодда узилиш графиклари бўйича яшамоқда.

Кличко DTEK компанияси маълумотларига таяниб, шаҳар аҳолиси «ҳозир тахминан уч соат ёруғлик билан, ўн соатгача, айрим жойларда эса ундан ҳам кўпроқ — ёруғликсиз» қолишини айтган. Унинг огоҳлантиришича, авариявий ўчиришлар давом этади.

Teglar

Mavzuga oid