
Нипаҳ вируси пандемияга айланиши мумкинми?
Сўнгги пайтларда Ҳиндистонда ҳаёт учун хавфли Нипаҳ вируси авж олгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Маълумотларга кўра, Нипаҳ вируси энг хавфли вируслар қаторига кириб, инфексияланган инсонларнинг тўрттадан учтаси вафот этиши мумкин. Хўш, Нипаҳ ўзи қандай вирус? Қай ҳолларда юқади? Вируснинг Ўзбекистонда тарқалиш эҳтимоли қанчалик юқори?

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонда ҳаёт учун ўта хавфли бўлган вирус авж олиб, юзлаб одамлар карантинга олинганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Дунёда тез-тез тилга олинаётган Нипаҳ вируси энг хавфли инфекциялар қаторига киради. Юқори ўлим даражаси, тўсатдан пайдо бўлиши ва давоси йўқлиги сабабли у мутахассислар ва жамоатчилик эътиборида. Хўш, Нипаҳ вируси аслида нима, у қандай тарқалади ва агар юққан бўлса, нима қилиш керак?
Нипаҳ вируси ҳақида
Нипаҳ вируси (NiV) — ўта хавфли зооноз вирус ҳисобланади. У ҳайвонлардан инсонларга юқиши мумкин. Вирус билан зарарланган инсонларнинг 40–75 фоизи вафот этади. Бу коронавирусга қараганда ўнлаб марта юқори кўрсатгич. Австралияда учрайдиган Hendra вируси билан бир қаторда, Нипаҳ вируси парамиксовируслар оиласига мансуб ҳенипавируслар туркумининг энг хавфли вирусларидан бири ҳисобланади. У инсонлар ва ҳайвонларда асосан неврологик, кўп ҳолларда нафас йўллари билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Нипаҳ вирусини глобал эпидемия хавфи юқори бўлган касалликлар рўйхатига киритган.
Вирусининг белгилари ва юқиш йўллари
Pteropodidae оиласига мансуб, Океания, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Африка ҳудудларида кенг тарқалган мевахўр кўршапалаклар Нипаҳ вирусининг табиий ташувчилари ҳисобланади. Вирус ушбу ҳайвонлар организмида уларга зарар етказмаган ҳолда яшайди ва кўпаяди.
Инсонларга қуйидаги йўллар:
● кўршапалак сўлаги ёки сийдиги билан ифлосланган меваларни истеъмол қилиш;
● чўчқа ёки от каби ҳайвонлар орқали;
● кам ҳолларда инсондан-инсонга яқин мулоқот, яъни касал одам билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш, қон, пешоб, сўлак орқали юқиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, инсонларда Нипаҳ вируси инфекцияси белгилари умуман сезилмаслиги ҳам мумкин. Касалликнинг инкубация даври одатда 4-14 кунгача ҳисобланади.
Вирус асосан марказий асаб тизимини зарарлайди ва ўткир энцефалит синдроми билан намоён бўлади. Бу ҳолат тутқаноқлар, онгнинг бузилиши ва ҳушдан кетиш билан тавсифланади. Касаллик оғирлашганда ўпкалар зарарланиб, ҳаёт учун хавфли ўткир нафас етишмовчилиги синдроми келиб чиқиши мумкин.
Асосий аломатлар:
● иситма;
● бош оғриғи;
● қусиш;
● тутқаноқ;
● ҳушдан кетиш;
● нафас олиш қийинлашиши.
Оғир ҳолатларда бемор комага тушиши ёки вафот этиши мумкин.
Биринчи марта вирус билан зарарланганлар
Нипаҳ вируси билан инсонларнинг биринчи зарарланиши 1998 йилда Малайзия ва Сингапурда қайд этилган. У пайтда чўчқачилик билан шуғулланувчи фермерлар ва қассоблар вирусни зарарланган чўчқалардан юқтирган. Ушбу эпидемия 300 нафардан ортиқ инсонни зарарлаб, 100 нафардан зиёд кишининг ўлимига сабаб бўлган.
2001 йилдан бери Бангладешда деярли ҳар йили Нипаҳ вируси ҳолатлари кузатилади. 2014 йилда Филиппинда Нипаҳ вируси зарарланган отларни сўйиш ва касалланган от гўштини истеъмол қилиш орқали юқтирилган ҳолатлар қайд этилган.
Ҳиндистонда 2001 ва 2007 йилларда Ғарбий Бенгалияда икки марта Нипаҳ вируси тарқалган. 2018 йилда эса Кералада илк марта эпидемия қайд этилган бўлиб, 19 тасдиқланган ҳолатдан 17 таси ўлим билан якунланган. Шундан бери Кералада деярли ҳар йили Нипаҳ вируси билан касалланиш ҳолатлари кузатилиб келинмоқда.
Вируснинг давоси борми?
Ҳозирча Нипаҳ вирусига қарши махсус дори ёки тасдиқланган вакцина йўқ. Шифокорлар кенг таъсир доирасига эга вирусга қарши препаратлардан фойдаланади. Эрта аниқлаш ва тезкор тиббий ёрдам беморнинг омон қолиш эҳтимолини оширади.
Қандай олдини олиш мумкин?
Мутахассислар тавсиясига кўра, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни совун ёки антисептик воситалар билан тозалаш, мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал яхшилаб чайиш, текширилмаган сувни ичмаслик, кўршапалаклар тирнагани ёки тишлагани эҳтимоли бўлган меваларни истеъмол қилмаслик орқали касалликнинг олдини олиш мумкин.
Агар вирус юққан бўлса, нима қилиш керак?
Энг муҳими — ваҳимага тушмаслик. Агар юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи ёки бошқа касаллик белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Ўз вақтида кўрилган чоралар вируснинг кенг тарқалишининг олдини олади.
Ўзбекистонда ҳам тарқалиши мумкинми?
Аввалроқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор эканини, Нипаҳ вирусининг Ўзбекистон ҳудудида тарқалиш эҳтимоли жуда пастлигини маълум қилганди.
“Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизда Нипаҳ вируси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Боиси унинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалиш эҳтимоли жуда паст”, — деган Отабеков.
Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу вирус дунёда ҳам кенг кўламли эпидемия ёки пандемия келтириб чиқариш эҳтимоли йўқлигини таъкидламоқда.
Шунингдек, Нурмат Отабеков айни пайтда юртимизда эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш ҳамда четдан кириб келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш мақсадида 54 та чегара пунктида доимий назорат олиб борилаётганини ҳам маълум қилган.
Хулоса қилиб айтганда, Нипаҳ вируси ўта хавфли инфекциялар қаторига кирса-да, унинг кенг кўламли эпидемия ёки пандемияга айланиш эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф мавжуд эмас. Шу билан бирга, фуқароларга ҳар қандай инфекцияга нисбатан бефарқ бўлмаслик, асоссиз хавотирга берилмаслик, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик ва саломатлик билан боғлиқ ҳар қандай шубҳали ҳолатда шифокорга мурожаат қилиш тавсия қилинмоқда.





