Ўзбекистонда давлат бинолари учун янги энергия стандарти жорий этилади

Bugun 12:352 daqiqa

Электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистонда давлат бинолари учун янги энергия стандарти жорий этилади © Халқ сўзи

Ўзбекистондаги давлатга қарашли бино ва иншоотларда энергия самарадорлигининг «С» ва ундан юқори тоифасига эга бўлиш талаби киритилмоқда. Бу кеча, 29-апрел қабул қилинган «2026-йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида белгиланган.

Фармонга кўра, 2026-йил 1-июлдан вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг янги қуриладиган, реконструкция (модернизация) қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган бино ва иншоотларида энергия самарадорлигининг “С” ва ундан юқори тоифасига эга бўлиш талаби киритилади.

Электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди.

Энергия самарадорлиги бўйича «C» тоифаси – бу маиший техника ва ускуналарнинг энергия истеъмоли даражасини кўрсатувчи ўртача кўрсаткичдир.Халқаро ва Ўзбекистонда қабул қилинган энергия маркировкаси тизимида («A+++» дан «G»гача) «C» синфидаги қурилмалар жуда тежамкор бўлмаса-да, жуда кўп энергия ҳам сарфламайди (ўртачадан яхшироқ). «A», «A+», «A++» синфларига нисбатан энергияни кўпроқ истеъмол қилади, лекин «D», «E», «F», «G» синфларига қараганда самаралироқ. Бу энергия самарадорлиги паст бўлган эски техникаларга нисбатан замонавийроқ ва тежамкор ҳисобланади.

Кафолатланган тўловларни амалга ошириш

Энергия самарадорлиги миллий агентлигига Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали энергия сервис компаниялари (ЭСКО) томонидан давлат буюртмалари асосида кўрсатиладиган энергия сервис хизматлари учун кафолатланган тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

2026-йилдан ҳар йили энергия сарфи белгиланган нормативлардан кескин ошиб кетган давлат объектларида халқаро стандартлар ва энергия сервис механизмлари асосида энергия самарадорлигини тубдан яхшилаш дастурлари амалга оширилади.

2026-йил 1-октябрга қадар объектлар кесимида катта ҳажмдаги маълумотлар (Big Data), бизнес-таҳлил (Business Intellegence) ва сунъий интеллект технологиялари асосида энергия истеъмолини ва самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Teglar

Mavzuga oid