Тошкент—Хива тезюрар поезд чипта нархи маълум бўлди

Bugun 20:151 daqiqa

«Жалолиддин Мангуберди» тезюрар поезди 3 майдан қатнай бошлайди.

Тошкент—Хива тезюрар поезд чипта нархи маълум бўлди

Тошкент — Хива — Тошкент йўналишида «Жалолиддин Мангуберди» номли янги юқори тезликдаги электропоезд 3 майдан қатновни бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон темир йўллари матбуот хизмати маълум қилди.

Янги поезд ишга туширилиши натижасида икки шаҳар ўртасидаги сафар вақти аввалги 13 соатдан 7 соат 31 дақиқагача қисқаради. Поезд Тошкент марказий вокзалидан соат 7:00 да жўнайди ва Хивага 14:31 да етиб боради.

Қайтиш рейси эса Хивадан соат 7:20 да йўлга чиқиб, пойтахтга 14:51 да етиб келади.

Ҳаракат жадвали

Поезд Тошкентдан Хивага — сешанба, пайшанба ва шанба кунлари ҳаракатланса, Хивадан Тошкентга — чоршанба, жума ва якшанба кунлари йўлга чиқади.

Дастлабки маълумотларга кўра, бир томонлама чипта нархи 780 минг сўм этиб белгиланган.

Таркиб еттита вагондан иборат бўлиб, тахминан 390 нафар йўловчига мўлжалланган. Поезд соатига 260 км тезликда ҳаракатланади ва VIP, бизнес ҳамда эконом синфларда хизмат кўрсатади.

Лойиҳа ва режалар

Ушбу поездлар «Hyundai Rotem» компаниясидан харид қилинган бўлиб, жами олтита поезд мамлакатга олиб келинган. Қолганлари йил якунига қадар етказилиши кутилмоқда.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов аввалроқ берган баёнотида, келгусида поезд қатновини Нукусгача узайтириш режалаштирилаётганини айтган эди. Бунинг учун ҳозирда темир йўл тармоғини электрлаштириш ишлари давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid