Ўзбекистон 50 кишини Францияга мавсумий ишга юборади
Янги келишувга кўра, 2026 йил ёзида 50 нафар ишчи Франция узумзорларига юборилади.
© Uzbekistan, France, seasonal work, labor migration, agricultural jobs, vineyard work, FNSEA, workforce training, employment agreement, labor cooperationЎзбекистон ва Франция қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириб, ўзбекистонликларни узумзорларда мавсумий ишларга жалб қилиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси вакилларидан иборат делегациянинг хорижий мамлакатга ташрифи давомида маълум қилинди.
Келишувга кўра, жорий йил ёз ойларидан бошлаб пилот лойиҳа доирасида 50 нафар номзод илк бор Францияга мавсумий ишлар учун юборилади. Мазкур жараён Франция Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари федерацияси (FNSEA) билан ҳамкорликда тизимли равишда ташкил этилади.
Шунингдек, Франциянинг «Sélect Recruiting Service» ташкилоти билан кадрларни саралаш ва ишга жойлаштириш бўйича битим имзоланди. Бундан ташқари, «CFA AC Paris» компанияси билан «таълим + иш» формати йўлга қўйилди. Ушбу дастур ўзбекистонликлар учун Франция ресторан соҳасида ҳам ўқиш, ҳам ишлаш имкониятини яратишни кўзда тутади.
Келишувларни амалга ошириш ва ташкилий-ҳуқуқий масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Франциянинг Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Таълим вазирликлари мутасаддилари, шунингдек, France Travail давлат бандлик хизмати, CCI Île-de-France савдо-саноат палатаси ҳамда AP-HP Париж давлат шифохоналари хизмати вакиллари билан музокаралар ўтказилган.
Меҳнат миграцияси географияси
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги сўнгги йилларда меҳнат миграцияси географиясини диверсификация қилиш устида ишламоқда. Ҳозирга қадар Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея ва Литва каби ўндан ортиқ давлатлар билан ишчи кучини ташкилий равишда юбориш бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар имзоланган. Франция билан эришилган янги келишув Европа Иттифоқининг йирик меҳнат бозорига киришнинг навбатдаги босқичи ҳисобланади.
Франция қишлоқ хўжалиги сектори Европанинг энг йирик тармоқларидан бири бўлиб, соҳада йилига 270 мингдан ортиқ мавсумий иш шартномалари тузилади.





