Қамчибек Ташиевга жиноят иши доирасида икки модда бўйича айблов қўйилди

Bugun 10:252 daqiqa

Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раисига нисбатан иккита модда бўйича айблов қўйилди ва мамлакатни тарк этиш тақиқланди.

Қамчибек Ташиевга жиноят иши доирасида икки модда бўйича айблов қўйилди © kloop.kg

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ)нинг собиқ раиси Қамчибек Ташиевга нисбатан жиноий иш доирасида икки модда бўйича айблов эълон қилинди. Бу ҳақда унинг адвокати Икромидин Айтқулов 24.kg нашрига маълум қилди.

Айбловлар

Тергов органлари уни «Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш ёки ушлаб туриш, шунингдек, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар» ҳамда «Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» моддалари билан айбламоқда.

Тергов жараёнида собиқ амалдорга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида мамлакатдан чиқмаслик ҳақида тилхат олинган. Адвокатнинг таъкидлашича, Ташиев ўзига қўйилган айбловларни тан олмаяпти.

Собиқ МХДҚ раиси сўроқдан сўнг кеч соат 23:00 атрофида Ички ишлар вазирлиги биносини тарк этган. Ҳозирча унга нисбатан қўшимча чеклов чоралари жорий этилгани ҳақида маълумот йўқ.

Мазкур иш доирасида Қирғизистоннинг собиқ бош прокурори Курманкул Зулушев ва парламентнинг собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли номи ҳам тилга олинган. Бироқ уларнинг ҳуқуқий мақоми ҳозирча аниқ эмас.

Шунингдек, Қамчибек Ташиев давлат тўнтаришига уринишда ҳам айбланган эди.

МХДҚдаги «тозалаш» ва янги тайинловлар

Қамчибек Ташиев 10 феврал куни вазифасидан озод этилди. Шунингдек, унинг уч нафар ўринбосари — Курванбек Авазов, Даниэл Рисалиев ва Элизар Сманов ҳам ишдан олинди.

Президент Садир Жапаров воқеалар фонида берган интервюсида Ташиев тайинлаган вазирлар ва унинг яқинларини ишдан бўшатиш бошлагани, баъзилари эса ўз хоҳишига кўра кетаётгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

«Ҳаммага хотиржам ишлашни айтдим. Ўз хоҳиши билан кетаётганлар — марҳамат. Барча вазирликларни ўғрилик факти бўйича текширяпмиз, топилса, жазога тортилади. Мен ҳар доим вазирларни қариндошлар ва дўстларни ишга олманг, деб огоҳлантирганман. Яқинларимдан ҳеч бири юқори давлат лавозимини эгалламаган», – деди у.

Жапаров давлат бошқаруви куч билан эмас, ақл билан амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакатда давлат тузилмалари фаолияти шахсан назорат қилинади ва юзага келаётган муаммоларга тезкор чора кўрилмоқда. Президент барча ислоҳотлар қонун доирасида амалга оширилишини қўшимча қилди. Унинг айтишича, вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар асоссиз бўлиб, мамлакатда барқарорлик сақланмоқда.

15 апрел куни Камчибек Ташиев футбол иттифоқи раҳбари лавозимидан кетишини ҳам маълум қилган.

Teglar

Mavzuga oid

Қамчибек Ташиевга жиноят иши доирасида икки модда бўйича айблов қўйилди | Vaqt.uz