Энергетика тизимида «тозалаш»: 44 та туман электр тармоқлари раҳбари ишдан олинди

Kecha 21:342 daqiqa

Қолаверса, «Ҳудудгаз Хоразм» раҳбарини ҳам ишдан олиш бўйича топшириқ берилди.

Энергетика тизимида «тозалаш»: 44 та туман электр тармоқлари раҳбари ишдан олинди © Foto: uznews.uz

Электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган 44 та туман (шаҳар) электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖда ўтказилган танқидий йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда энергия самарадорлиги ва ресурслар йўқотишини камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, ўз фаолиятида сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди. Лавозимидан озод этилган раҳбарларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти қуйидагича:

• Андижон филиали: 14 та туман раҳбари;

• Самарқанд филиали: 10 та туман раҳбари;

• Жиззах филиали: 7 та туман раҳбари;

• Қашқадарё филиали: 4 та туман раҳбари;

• Сирдарё, Тошкент ва Фарғона филиаллари: 2 тадан туман раҳбарлари.

Шунингдек, газ таъминоти соҳасидаги камчиликлар учун «Ҳудудгаз Хоразм» газ таъминоти филиали раҳбарини ҳам ишдан олиш бўйича топшириқ берилди. Ишдан олинганлар ўрнига ёш кадрлар тайинланиши ва улар олдига йўқотишларни камида икки баравар қисқартириш бўйича аниқ КPI кўрсаткичлари белгиланиши таъкидланди.

Тизимдаги муаммоларни ўрганиш жараёнида 106 140 та трансформатор пункти текширилиб, уларнинг 25 668 таси таъмирталаб экани аниқланган. Ҳозирда ушбу иншоотларни таъмирлаш, симларни алмаштириш ва тармоқларни модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Йиғилишда йўқотишларни камайтириш учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш лойиҳасини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 апрел куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида, электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган 44 та туман электр тармоқлари корхоналаридаги ҳолат танқид қилинган эди.

Teglar

Mavzuga oid