«UzAuto Motors»дан «O‘zbektelekom»гача: Ўзбекистонда қандай IPOлар бўлиб ўтган?

Kecha 22:264 daqiqa

Бугун расмий равишда Миллий инвестиция жамғармаси 30 фоизининг IPOси бошланди. Акциялар Лондон ва Тошкентда икки томонлама оммавий чиқарилади. Vaqt.uz шу ўринда Ўзбекистонда ўтказилган IPOларни эслатди.

«UzAuto Motors»дан «O‘zbektelekom»гача: Ўзбекистонда қандай IPOлар бўлиб ўтган?

Бугун, 29-апрел куни Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси оддий акциялар ва глобал депозитар тилхатларни (GDR) бирламчи оммавий жойлаштириш — IPO бошланганини эълон қилди. IPO Лондон ва Тошкентда икки томонлама, «dual listing» кўринишида ўтказилади.

Таклиф нархи бир GDR учун 25 доллар, бир акция учун эса 4,65 сўм этиб белгиланган. Ҳар бир GDR 64 700 та акцияга тенг. Ўзбекистондаги жисмоний шахслар учун ҳар бир акцияга 5 фоиз чегирма қўлланилади ва 4,41 сўмдан таклиф қилинади.

GDRлар бўйича Лондон фонд биржасида шартли савдолар 2026-йил 13-майда, тўлиқ савдолар эса 18-майда бошланиши режалаштирилган. Шунингдек, мазкур санада акциялар савдосининг «Тошкент» Республика фонд биржасида ҳам бошланиши кутилмоқда.

Ҳукумат Миллий инвестиция жамғармаси IPOсини ўтказишга узоқ вақтдан бери ҳаракат қилиб келади. Дастлабки босқичда жамғарманинг 30 фоиз улушини IPOга чиқариш қарор қилинган.

Жамғарма бошқаруви Franklin Tempelton’га берилган бўлиб, дастлаб унинг таркиби 16 та компания, жумладан 3 та давлат банки — «Халқ банки», «Микрокредитбанк» ва «Бизнесни ривожлантириш банки» билан шакллантирилган эди.

Ўша пайтда Bloomberg жамғармани 1,68 млрд доллар атрофида баҳолаганди. Агентлик Лондон ва Тошкентда ўтказиладиган IPO Ўзбекистон учун ҳам, Лондон фонд биржаси учун фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

1

Кейинчалик Миллий инвестиция жамғармаси жозибадорлигини ошириш мақсадида учта давлат банки ўрнига бошқа бир давлат банки — SQB қўшилди. Банклардан ташқари «Navoiyazot»нинг 25 фоизи ҳам жамғарма таркибидан чиқарилган.

Жамғарма портфелидаги акциялар IPO бошлангунга қадар 2,4 млрд доллар атрофида баҳоланаётган эди. Бироқ, акциялар нархи эълон қилингач жамғарма капиталлашуви тахминан 1,95 млрд долларга баҳоланаётгани маълум бўлди.

Ўзбекистонда қандай IPOлар бўлган?

Миллий инвестиция жамғармаси Ўзбекистон тарихидаги олтинчи IPOга айланди. 2023-йилда бир йўла учта IPO ўтказилгандан бери мамлакатда бундай инвестицион жараён ҳали бўлмаганди.

2

Ўзбекистон тарихида илк IPO 2018-йилда «Kvarts» томонидан ўтказилганди. Ўшанда шиша ишлаб чиқарувчи компаниянинг 4,5 миллиондан ортиқ акциялари сотувга қўйилган бўлса, улардан 54 фоизи сотилган. Бу компанияга 7,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ олиб келган.

2020-йилга келиб «Jizzax Plastmassa» ҳам устав капиталининг 25 фоизини IPOга чиқарди. Бу учун «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги компания 1 140 246 дона қўшимча акция чиқаришига тўғри келганди.

Ўзбекистон учун учинчи IPO эса 2023-йилда UzAuto Motors компаниясига тўғри келди. Бу IPO аввалги иккитасидан фарқли равишда узоқ вақт режалаштирилди ва кенг кўламда амалга оширилиши керак эди.

Бошида UzAuto Motors акциялар пакетининг 10 фоизгача қисмини маҳаллий фонд бозорида оммавий жойлаштириш режа қилинганди. Кейинчалик IPOга чиқариладиган акциялар пакети 5 фоизга, якунда эса 1 фоизгача қисқартирилди.

IPO охирига келиб автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниянинг оммавий чиқарилган акцияларининг 29,1 фоизигина сотилди. Жалб қилинган маблағ миқдори кутилганидан уч баробар кам — 56,9 млрд сўмни ташкил қилди.

UzAuto Motors’нинг омадсиз IPOсидан кейин кўпчилик таҳлилчилар Ўзбекистонда йирик IPO амалга оширишга ҳали вақтли эканини таъкидлади. Кейинги IPOлар ҳам омадсиз якунланиши бўйича хавотирлар кучайганди.

Бироқ, «O‘zbektelekom» ва «O‘zbekinvest» томонидан 2023-йилда акцияларнинг кейинги оммавий чиқарилиши нисбатан муваффақиятли амалга оширилди.

«O‘zbektelekom» чакана инвесторларни жалб қилишда муҳим рол ўйнади. Компания акцияларини сотиб олиш учун 11 мингга яқин ариза келиб тушганди. Оддий акцияларни жойлаштириш компанияга 33,25 млрд сўм (2,7 млн доллар) олиб келганди.

«O‘zbekinvest» суғурта компаниясининг натижалари эса бироз камтарроқ бўлганди. IPO якунига кўра аризалар китоби 128,45 фоизга имзоланиб, 14,1 млрд сўм (1,14 млн доллар) маблағ жалб қилишга эришилганди.

Бундан ташқари, мамлакат тарихида бир қанча SPOлар (Secondary public offering — акцияларнинг иккиламчи чиқарилиши) ҳам ўтказилган. Улардан энг охиргиси «OʻzRTXB» SPOси бўлиб, 42,9 млрд сўм жалб қилишга муваффақ бўлганди.

Келажак IPOлар

Ўзбекистон ҳукумати Миллий инвестиция жамғармаси IPOсидан сўнг энг йирик солиқ тўловчи компания «NKMK»нинг ҳам IPOсини ўтказиши кутилмоқда.

Bloomberg компания капиталлашувини қарзлар билан биргаликда тахминан 20 млрд долларга баҳолаб, 2026-йилда акцияларнинг илк оммавий чиқарилиши режа қилинаётгани ҳақида ёзганди.

Бироқ, бу кўп томонлама жамғарма IPOсига тўғридан тўғри боғлиқ бўлади. Натижа яхши бўладиган бўлса, бу кейинги режаларга туртки беради.

Яна бир йирик солиқ тўловчилардан бири «OKMK» бўлиб, унинг IPOси 2027-йилнинг I ярмига режа қилинган. Очиқ бозорга компания акцияларининг 10–15 фоиз қисмини чиқариш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, бир қанча хусусий компаниялар ҳам IPO ўтказиш жараёнларини бошлаб юборган.

4

Рақамли экотизим — Uzum ҳам ўзининг бўлажак IPOси учун асосий майдонлардан бири сифатида Лондонни кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, компания Nasdaq, Абу-Даби ва Гонконг биржаларини ҳам эҳтимолий вариантлар қаторига киритган. Жойлаштириш 2027-йилга мўлжалланмоқда.

«Korzinka» супермаркетлар тармоғи асосчиси ва кузатув кенгаши раиси Зафар Ҳошимов ҳам компанияда IPO масаласи кун тартибида эканини тасдиқлаган. Бироқ, жойлаштириш муддати ҳозирча аниқ белгиланмаган.

Шу билан бирга, Centrum Holding таркибига кирувчи авиация ва логистика компаниялари гуруҳи 2026-йил охиригача халқаро бозорга чиқишни режалаштирмоқда. Компания IPOни халқаро молиявий институтлар ҳамкорлигида ўтказишни кўзламоқда.

Режа бўйича Ўзбекистонда шу пайтга қадар бир қанча IPOлар ўтказилган бўлиши керак эди. Бироқ, бозорнинг ҳали тайёр эмаслиги, глобал шароитлар бунга тўсқинлик қилмоқда.

Миллий инвестиция жамғармаси IPO натижалари эса мамлакат учун муҳим бўлиб, келгуси қадамлар қандай бўлишини белгилаб беради.

Teglar

Mavzuga oid