Энергетика вазирининг Отабек Бакиров устидан шикояти бўйича текширув қайта тикланди
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг шикояти асосидаги материаллар ҳозирда Яшнобод тумани ички ишлар бўлими томонидан қайта кўриб чиқилмоқда.

Тошкент шаҳар прокуратураси блогер Отабек Бакировга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорни бекор қилди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг шикояти асосида бошланган материаллар ҳозирда Яшнобод тумани ички ишлар бўлими томонидан қайта кўриб чиқилмоқда.
Мазкур низо вазирнинг 2024 йил 26 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББга қилган мурожаати билан боғлиқ. Шикоятда «bakirooo» Телеграм каналида эълон қилинган, метан заправкалардаги навбатлар, «Avto24» мобил иловаси фаолияти ва Тошкент туманидаги электр ҳамда газ таъминотидаги узилишлар танқид қилинган постларга ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Блогер Отабек Бакировнинг таъкидлашича, вазирнинг эътирозларига сабаб бўлган чиқишлар қарийб бир ярим йил олдинги воқеаларга тааллуқли.
«Мирзамаҳмудов шикоятининг мазмуни 2024 йил декабр ойида метан заправкаларда газ бор-йўқлиги ва навбатлар ҳақида маълумот беради, дея тақдим этилган Avto24 иловасига билдирилган эътирозлар, шунингдек Тошкент туманида «режага чиқиш учун» пайдар-пай газ-свет ўчирилишлар билан боғлиқ. Қизиғи, шикоят ва қайта очилган иш яна қарийб 1,5 йил аввалги чиқишлар билан боғлиқ ва ўзгаришсиз жиҳати шундаки, мазкур пост ёзилаётган кунда ҳам свет уч марта, қарийб 4 соатга ўчди», - дея ёзди Бакировнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ички ишлар идоралари мазкур мурожаат юзасидан 2026 йил 23 январда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Бироқ орадан икки ой ўтиб, 25 март куни шаҳар прокуратураси ушбу қарорни асоссиз деб топди ва бекор қилди. Ҳозирда суриштирув ишлари қайта бошланган.
«Калаванинг учи»
Отабек Бакиров ва Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасидаги ҳуқуқий зиддиятлар бир неча босқичдан иборат. Дастлабки шикоят аризаси вазир «Лолазор» подкастида меҳмон бўлганидан олти кун ўтиб, 2024 йил 10 октябр куни тақдим этилган эди. Ушбу шикоят Олмазор туманидаги «Сағбон» подстанциясига оид 2023 йил июн ойидаги танқидий пост билан боғлиқ бўлган. Вазир ўз аризасида блогернинг соҳадаги ҳолатни «миллиардларни ўпириб турадиган қора ўпқон» деб атаганини ҳақорат ва обрўсизлантириш деб баҳолашни сўраган.
2024 йил 19 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББ АОКА экспертизасининг «постда ҳақорат аломатлари йўқлиги» ҳақидаги хулосасига таяниб, ушбу биринчи шикоят бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этган. Бироқ мазкур рад жавобидан бир ҳафта ўтиб, вазирлик блогернинг янги чиқишлари юзасидан иккинчи бор ариза берган ва ҳозирда айнан мазкур иккинчи шикоят бўйича суриштирув қайта тикланди.





