Чехия бош вазири Андрей Бабиш Ўзбекистонга келди

Чехия бош вазири Андрей Бабиш расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиб, икки томонлама савдо, инвестиция ва саноат ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган музокараларни бошлади.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш Ўзбекистонга келди © Uza.uz

29 апрел куни Чехия бош вазири Андрей Бабиш Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Олий мартабали меҳмонни «Тошкент-Ҳумо» халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ташриф дастури доирасида Андрей Бабиш «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. У ерда меҳмонга мамлакат тарихи, аждодлар мероси ва тараққиёт рамзлари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Чехия ишбилармон доиралари иштирокида қўшма бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда икки давлатнинг йирик саноат корхоналари, инвестиция компаниялари ва молиявий ташкилотлари вакиллари қатнашди. Чехия делегацияси таркибидан машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика ва транспорт-логистика соҳаларида фаолият юритувчи 50 дан ортиқ компания раҳбарлари ўрин олди.

Сўнгги саккиз йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошгани қайд этилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокидаги 36 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Саноат ва энергетика

Музокараларда мис ва бошқа рангли металларни қазиб олиш, уларни чуқур қайта ишлаш, гидроэлектр станциялар қуриш ҳамда когенерация ускуналарини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, кимё ва фармацевтика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Томонлар IT-парклар имкониятларидан фойдаланиб, учинчи давлатлар бозори учун рақамли маҳсулотлар ишлаб чиқиш истиқболларига ҳам эътибор қаратди.

Янги келишувлар

Ташриф якунида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжат ва битимлар имзоланди. Андрей Бабиш шунингдек Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, ноёб тарихий экспонатлар билан танишди.

30 апрел куни олий даражадаги музокаралар давом этади. Унда савдо ҳажмини ошириш, «яшил» энергетика, машинасозлик, кимё, фармацевтика, транспорт, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid