Банкларда микроқарзлар фоизи энг паст даражада тушди
Марказий банк 2026-йил 27-апрель ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМарказий банк 2026-йил 27-апрель ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилаётган микроқарз ва автокредитлар бўйича янги фоиз ставкаларини эълон қилди. Янги маълумотларга кўра, автокредитлар бўйича ўртача ставка 22,6 фоизни, микроқарзлар бўйича эса 28,7 фоизни ташкил этган.
Микрокредитлар бўйича бу кўрсаткич Марказий банк микроқарз ва автокредитларнинг ўртача фоиз ставкаларини эълон қилишни бошлаганидан бери кузатилган энг паст даража бўлди. Охирги марта энг паст даража 2026-йил 24-март ҳолатига кўра, 28,8 фоиз даражасида қайд этилган эди.
Микрокредитлар
Микрокредитлар сегментида энг паст ставка 23,3 фоиз билан «Aloqabank»да қайд этилди. Ундан кейин «Milliy bank» 24,1 фоиз ва «Infinbank» 24,3 фоиз билан нисбатан мақбул шартларни таклиф қилмоқда. Шунингдек, «Trastbank» (24,8 фоиз) ва «BRB» (25,0 фоиз) ҳам паст сегментдан жой олган.
Ўрта сегментда ставкалар асосан 25–27 фоиз оралиғида шаклланган. Жумладан, «Turonbank» 25,7 фоиз, «OFB» 25,9 фоиз, «Asakabank» ва «Mikrokreditbank» 26,5 фоиздан, «Agrobank» 26,7 фоиз ва «Xalq banki» 26,8 фоиз ставка билан кредит ажратмоқда. «SQB» (27,1 фоиз) ва «Asia Alliance bank» (27,6 фоиз) ҳам шу гуруҳга киради.
Юқори сегментда эса фарқ анча катта. «Apex bank»да 29,9 фоиз, «Garant bank»да 30,1 фоиз, «Universal bank»да 30,5 фоиз кузатилди. Энг юқори ставкалар «TBC bank» (37,9 фоиз), «Uzum bank» (38,0 фоиз), «Anor bank» (39,7 фоиз), «AVO bank» (39,9 фоиз) ва «Tenge bank»да (42,6 фоиз) қайд этилди.

Автокредитлар
Автокредитлар бозорида энг паст ставка 18,5 фоиз билан «Infinbank»да кузатилди. Шунингдек, «BRB» 18,8 фоиз, «Apex bank» 19,7 фоиз ва «Garant bank» ҳамда «Davr bank» 20,1 фоиз ставка билан нисбатан арзон кредит таклиф қилмоқда. «Ipoteka bank» 21,4 фоиз ва «SQB» 21,6 фоиз билан паст сегментда жой олган.
Ўрта сегментда ставкалар 22–24 фоиз оралиғида шаклланган. Хусусан, «Aloqabank» 22,0 фоиз, «Asia Alliance bank» 22,1 фоиз ва «OFB» 22,9 фоиз ставка билан кредит ажратмоқда. Шунингдек, «Xalq banki» (23,3 фоиз), «Milliy bank» ва «Ipak Yo‘li bank» (23,5 фоиз) таклифлари ҳам шу диапазонда.
Юқори сегментда эса ставкалар 24 фоиздан юқори. «Trastbank» 24,4 фоиз, «Mikrokreditbank» 24,5 фоиз, «Agrobank» 24,6 фоиз ва «Asakabank» 24,7 фоиз ставка билан кредит тақдим этмоқда. Энг юқори кўрсаткич «Madad Invest bank»да — 27,9 фоиз.





