Тадбиркорлар учун имтиёзлар реестри шакллантирилади

Bugun 13:552 daqiqa

Янги тартибга кўра, тадбиркорлар учун барча имтиёзларни марказлаштириш, уларни тизимли равишда сақлаш ва мониторинг қилиш мақсадида ягона реестр ишга туширилади.

Тадбиркорлар учун имтиёзлар реестри шакллантирилади © senat.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 апрелдаги 211-сон қарори билан тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференциялар ягона реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби тасдиқланди.

Бу тизим барча имтиёзлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юритилади. Бу эса маълумотларни марказлаштириш, уларни тизимли равишда сақлаш ва мониторинг қилиш имконини беради.

Қарорга асосан, реестр тадбиркорларга берилган барча турдаги имтиёз ва преференциялар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади ҳамда давлат органлари ўртасида интеграция қилинган ҳолда ишлайди.

Тартиб ва жараёнлар

Имтиёзлар ҳақидаги маълумотлар давлат органлари ва ташкилотлар томонидан «subsidy.mf.uz» платформаси орқали киритилади. Киритилган маълумотлар реестр оператори томонидан текширилиб, тасдиқлангандан сўнг ягона базада акс эттирилади.

Ҳужжатда маълумотларни киритиш, ўзгартириш ва бекор қилиш жараёнлари аниқ муддатлар билан белгиланган.

Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан имтиёзлар ҳақидаги маълумотлар киритилганда, улар реестр оператори томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Агар маълумотлар тўлиқ ва тўғри бўлса, улар одатда — бир иш кунигача бўлган вақт ичида базага киритилади.

Маълумотларда ўзгариш юз берган тақдирда (масалан, имтиёз шартлари ёки муддати ўзгарса), масъул ташкилотлар бу ҳақдаги янгиланган маълумотларни бир ҳафта муддатда реестрга киритиши шарт.

Агар имтиёз ёки преференция бекор қилинса, бу ҳақдаги маълумотлар ҳам бир ҳафта ичида реестрга киритилиши лозим.

Реестрга киритилган маълумотларда хатолик аниқланса, масъул идоралар 3 иш куни ичида хатони тузатиб, қайта киритишлари керак.

Тизимнинг аҳамияти

Бундан ташқари, реестр маълумотларининг очиқлиги тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва коррупция хавфини камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири зиммасига юклатилган.

Teglar

Mavzuga oid