Киберхавфсизлик марказига ҳужум: ходимлар маълумотлари ўғирландими?
Шахсий маълумотлар сиздирилгани ҳақидаги навбатдаги даъволар жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотди. Расмийлар бу хабарларни рад этмоқда, фаоллар эса ҳолатни киберхавфсизлик тизими самарадорлигига жиддий савол сифатида баҳолаяпти.
Шахсий маълумотларимиз қанчалик ҳимояланган? Ёки хакерлар хоҳлаган пайтида фуқаролар ҳақида осонликча ахборот олиши мумкинми? Бу каби саволлар охирги вақтларда кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Сабаби эса бир эмас, бир неча маротаба шахсий маълумотлар тарқагани ҳақида хабарлар чиққанидир.
28-апрел куни ҳам ижтимоий тармоқларда айнан шу савол атрофида муҳокамалар кескинлашди. Стартаппер Озодбек Ўлмасов «Twitter» тармоғида номаълум хакер Ўзбекистон Киберхавфсизлик марказининг ички тизимларига кириб, 100 нафар ходимнинг шахсий маълумотларини очиқ тармоққа сиздиргани ҳақида пост жойлади. Шу хабар қисқа вақт ичида кенг резонанс уйғотиб, рақамли хавфсизлик ва шахсий маълумотлар дахлсизлиги борасидаги хавотирларни яна бир бор кун тартибига чиқарди.

Тармоқда эълон қилинган экран тасвирига кўра, хакернинг қўлида нафақат киберхавфсизлик ходимларига оид маълумотлар, балки ДХХ ходимларининг ҳам шахсий маълумотлари мавжуд. У ушбу маълумотларни тарқатмаслик эвазига 200 минг АҚШ доллари талаб қилаётганини айтган.

Киберхавфсизлик маркази мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди. Уларнинг таъкидлашича, дастлабки ўрганишлар натижасида марказнинг ички ахборот тизимларига рухсатсиз кириш амалга оширилмагани аниқланган. Шунингдек, ходимларга оид шахсий маълумотлар сиздирилгани ҳақидаги даъволар ҳам асоссиз экани қайд этилган.
VAQT.UZ ҳолат юзасидан аниқлик киритиш ва ўрганиш ишларининг натижаси билан танишиш мақсадида Киберхавфсизлик маркази матбуот котиби Дилшод Тўраев билан боғланди.
«Бу масалада жараён бир соатлик ёки бир дақиқалик эмас, бу узоқ муддат талаб қиладиган текширув. Ҳозирча жараённинг якуний натижаси бўйича аниқ маълумот бера олмаймиз. Тўғриси, Киберхавфсизлик марказининг ички тизимларига бевосита кириш ҳолатлари умуман кузатилмаган. Айтиб ўтишим керак, тизим замон талабига мос равишда ташкил этилган. Ҳозир тарқалаётган гаплар эса тасдиқланмаган, сохта хабарлар. Шу сабабли уларни ҳозирча тарқатмаслик керак. Қайси тизимдан қандай маълумот олингани бизга ҳам маълум эмас», дейди у.
Дилшод Тўраевга кўра, хакер эълон қилган шахсий ахборотлар ҳақиқатдан ходимларга тегишли, бироқ уларнинг бир қисми (исм-шариф ва лавозимлар) расмий сайтда ҳам очиқ жойлаштирилган.
Стартаппер Озодбек Ўлмасов «Twitter» саҳифасида қайта пост қолдириб, Киберхавфсизлик марказининг расмий муносабатидан сўнг киберҳужум ҳақидаги аввалги постини вақтинчалик ўчирганини маълум қилди.

Жамоатчилик фикри
Журналист Илёс Сафаров навбатдаги ҳужумга муносабат билдириб, Telegram каналида пост қолдирди.
«Этикдўзнинг маҳсиси тешик» ёки «бўзчи бўзга ёлчимас» деган халқона нақлларимиз бўларди. Киберхавфсизлик соҳасидаги «профессионал» мутахассисларимизга раҳмат, улар замонавий дунёда шу мақолларнинг янгича талқинларини яратиб, бизни зериктиришмаяпти. «Қарангки, бизда “қўриқчиларнинг калитига қўшиб, паспортини ҳам ўғирлаб кетишибди”», дейди Сафаров.
Шунингдек, Сафаров бу ҳолат соҳадаги «компетенция» даражаси учун даҳшатли ҳодиса эканини, давлат хавфсизлиги «ҳимоячилари»нинг ўзи бугун рақамли асирга айланиши, умумий хавфсизлик борасида қанчалик «яланғоч» эканимизни барчага яна бир кўрсатиб қўйганини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам ҳолатни эътиборсиз қолдирмай, ўз муносабатини билдирди. У ўртага: «Ўзини ҳимоя қила олмаганлар Ватанни қандай ҳимоя қилади?», деган саволни қўйди.
«Ўтган куни Telegram каналида мен ҲМҚО ходимлари деб тахмин қилган аноним шахслар мени ўзларича хойин деб эълон қилиб, оммани давлатга ишончсизлик уйғотишда айблашган. Шунингдек, ўзларини ватанпарвар ҳисоблаб, юрт бошига ёв келса, қалқон бўлишларини таъкидлашган.
Хакерлар эълон қилган маълумотларда ходимларнинг исм-фамилияси, компаниядаги лавозими ҳамда ЖШШИР рақамлари мавжуд экан. Террорчилар каби хакерлар пул талаб қилишмоқда, “ғамхўрларимиз” вазиятдан қандай чиқади — билмайман», дейди у.
Илгари кузатилган киберҳужумлар
Бу каби ҳолатлар биринчиси эмас. Жорий йил февраль ойи бошларида ҳукумат тизимларидан камида 15 миллион Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари сиздирилгани ва «Dark Web»га жойлаштирилгани ҳақида хабар берилганди.
Аммо Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «15 млн кишининг маълумоти darknet’да сотилаётгани» ҳақидаги миш-мишларни рад этган. Унинг маълум қилишича, 2026 йилнинг 27–30 январь кунлари 3 та давлат идорасининг ахборот тизимларига киберҳужум уюштирилган. Илк натижаларга кўра, 15 млн эмас, балки 60 мингга яқин фуқаролар маълумотлари тарқалгани аниқланган.
Орадан 15 кун ўтар-ўтмас, энди Mobiuz мижозлари ҳам киберҳужум нишонига айланди. Мижозларнинг шахсий маълумотлари ва расмлари, шунингдек, қарийб 3 минг нафар ходимга оид маълумотлар «Dark Web»га сиздирилгани айтилди.

Киберхавфсизлик
Интернетда янги таҳдидлар сони кўпаймоқда.
Teglar


