Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 147-ўринни эгаллади
«Чегарасиз мухбирлар»нинг янги ҳисоботига кўра, 2026-йилда 180 мамлакатдан 100 тасида журналистлар учун шароитлар ёмонлашган ва илк бор давлатларнинг ярмидан кўпи «қийин» тоифага тушган.
© news.utexas.edu«Чегарасиз мухбирлар» (Reporters Without Borders) 25-маротаба Жаҳон матбуот эркинлиги индексини эълон қилди. Янги рейтинг журналистика учун глобал шароитлар ёмонлашаётганини кўрсатмоқда.
Таҳлилга кўра, дунё бўйлаб сиёсий босим кучаймоқда, авторитар тенденциялар ўсмоқда ва медиа бозори заифлашиб бормоқда. Шу фонда айрим ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, умумий манзара ташвишли.
2026-йилги ҳисоботда 180 та мамлакат ва ҳудуддан 100 тасида матбуот эркинлиги кўрсаткичлари пасайгани қайд этилди. Бу эса журналистлар учун иш шароити кўплаб минтақаларда ёмонлашаётганини англатади. Ҳисоботда ҳолат минтақалар кесимида таҳлил қилиниб, ҳар бир ҳудуддаги асосий тенденциялар ва муаммоларга алоҳида эътибор қаратилган.
Европа ва Марказий Осиё
Европа Иттифоқида «European Media Freedom Act» кучга кирганига қарамай, айрим аъзо давлатлар ҳали ҳам унинг талабларини тўлиқ бажараётгани йўқ. Европа мамлакатлари одатда рейтингда етакчи ўринларни сақлаб қолган бўлса-да, умумий манзара аралашлигича қолмоқда. Масалан, Эстония матбуотга сиёсий босим сабаб 2-ўриндан 3-ўринга тушган.
«Шарқий Европа ва Марказий Осиё эса ҳануз қаттиқ чекловлар мавжуд бўлган режимлар билан ажралиб туради. Хусусан, Беларус (165-ўрин), Озарбойжон (171-ўрин), Россия (172-ўрин) ва Туркманистон (173-ўрин) дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бирига эга, айниқса ҳуқуқий индикатор бўйича (100 баллдан 22–32 оралиғида).
Бундан фарқли равишда, Украина (55-ўрин) давом этаётган урушга қарамай, бироз яхшиланишни намоён этган», – дейилади ҳисоботда.
Ўзбекистон
Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингида 180 давлат орасида билан 147- ўринда қайд этилган. Бу 2025-йилдаги кўрсаткичдан бир поғона юқорилаш, бироқ мамлакат тўплаган баллар 35,24 дан 34,95 гача пасайган. Ўриннинг бир поғона яхшилангани бошқа давлатларда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият янада ёмонлашгани билан боғлиқ.
Рейтингдаги иқтисодий ва хавфсизлик бўйича тўпланган баллар яхшиланган, сиёсий ва ижтимоий, шунингдек, ҳуқуқ индикаторлари эса ёмонлашган.
Дунёдаги умумий ҳолат
Жаҳон матбуот эркинлиги индекси тарихида илк бор дунё мамлакатларининг ярмидан кўпи матбуот эркинлиги бўйича «қийин» ёки «жуда жиддий» тоифаларга тушди. 25 йил ичида индекс қамраб олган 180 та мамлакат ва ҳудуднинг ўртача кўрсаткичи ҳеч қачон бу қадар паст бўлмаган.

2001-йилдан бери, айниқса миллий хавфсизлик сиёсатига боғлиқ бўлган чекловчи қонунчиликнинг кенгайиши ахборот олиш ҳуқуқини изчил равишда заифлаштириб келмоқда – ҳатто демократик давлатларда ҳам. Охирги йилда индекснинг ҳуқуқий индикатори энг кўп ёмонлашди, бу эса журналистика дунё бўйлаб тобора кўпроқ жиноят сифатида қаралаётганини кўрсатади.
Америка қитъасида ҳам вазият сезиларли ўзгарган: АҚШ 7 поғонага тушган, Лотин Америкасидаги бир қатор давлатлар эса зўравонлик ва босим кучайиб бораётган муҳитга янада чуқурроқ кириб бормоқда.
«Сўнгги 25 йилга назар ташлар эканмиз, бу фақат ўтмишни таҳлил қилиш эмас, балки келажакка қараб савол беришдир: журналистика бўғилиши, мухбирларга тизимли тўсиқлар қўйилиши ва матбуот эркинлигининг сусайишига яна қанча тоқат қиламиз?
Ҳозирги ҳимоя механизмлари етарли эмас; халқаро ҳуқуқ заифлашмоқда ва жазосизлик кенг тарқалган. Бизга қатъий кафолатлар ва самарали санкциялар керак. Тўп демократиялар ва уларнинг фуқаролари майдонида. Матбуотни ўчиришга уринаётганларга қарши туриш айнан уларнинг вазифасидир. Авторитаризмнинг тарқалиши муққаррар эмас» – дейди «Чегарасиз мухбирлар» таҳририяти директори Анн Боканде.





