Киберҳужумга учраган Киберхавфсизлик маркази, радарлар бўйича сўров ва Ҳаж сафарининг бошланиш санаси — 29-апрел дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Камера ва радарлар бўйича ИИВга сўров юборилди
Қонунчилик палатаси 28 апрель куни фото ва видео қайд этиш воситалари самарадорлиги юзасидан Азиз Тошпўлатовга парламент сўрови юбориш масаласини кўриб чиқди. Депутатлар камера ва радарлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муҳим восита эканини таъкидлаган бўлса-да, улар фаолияти бўйича фуқаролардан келаётган шикоятларга ҳам эътибор қаратди.
Хусусан, тезлик чекловлари кескин ўзгарадиган жойларда огоҳлантирувчи белгилар етишмаслиги, радарлар ноқулай жойлашгани ва техник хатолар сабаб асоссиз жарималар қўлланилаётгани қайд этилди. Шунингдек, айрим йўлларда инфратузилма муаммолари — сифатсиз асфальт, ноаниқ чизиқлар ва светофорлар етишмаслиги ҳам қоидабузарликларга сабаб бўлаётгани айтилди.
Натижада парламент Ички ишлар вазирлигидан «Хавфсиз ва равон йўл» дастури ижроси, камера ва радарлар самарадорлиги ҳамда муаммоларни бартараф этиш чоралари бўйича расмий тушунтириш тақдим этишни сўради.
Навбатдаги киберҳужум: Киберхавфсизлик маркази ходимларининг маълумотлари ўғирландими?
Ижтимоий тармоқларда Киберхавфсизлик маркази ходимларининг маълумотлари сиздирилгани ҳақида хабарлар тарқалди, ҳакер эса маълумотларни эълон қилмаслик учун 200 минг доллар талаб қилганини даъво қилди. Бироқ Киберхавфсизлик маркази ушбу маълумотларни рад этиб, ички тизимлар бузилмаганини ва бундай базалар мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Марказ, шунингдек, блогерлар ва сайт эгаларига тарқатилаётган маълумотларни текширмасдан эълон қилмаслик зарурлигини эслатди. Айрим блогерлар расмий муносабатдан сўнг ушбу мавзудаги постларини ўчириб ташлаган.
Эслатиб ўтамиз, бу каби ҳолатлар аввал ҳам қайд этилган: жорий йил бошида катта ҳажмдаги маълумотлар сиздирилгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Шерзод Шерматов ўшанда айрим тизимларга ҳужумлар бўлганини тан олган, бироқ тарқалган маълумотлар кўлами бўрттириб кўрсатилганини таъкидлаган.
Ҳаж–2026 мавсуми қачондан бошланиши маълум қилинди
Ўзбекистондан ҳожиларни Саудия Арабистонига юбориш 2026 йил 2 майдан бошланиб, 18 майгача ҳар куни мунтазам авиақатновлар амалга оширилади. Зиёратчилар Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидан тўғридан-тўғри Мадинага парвоз қилади. Парвозлар FlyAdeal томонидан, қайтиш рейслари эса Uzbekistan Airways орқали амалга оширилади.
Ҳаж мавсумига тайёргарлик доирасида зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур эмлашлар қилинган ва барча ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ҳожиларга сафар учун махсус жиҳозлар тўплами тақдим этилмоқда, Саудияда эса улар учун меҳмонхона ва ибодат жойларида шароитлар тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, рухсатномасиз Ҳаж қилишга қарши қатъий жазо чоралари белгиланган.
Қоидабузарларга 5300 долларгача жарима, ёрдам берганларга эса 26 минг долларгача жарима қўлланиши мумкин. Ноқонуний зиёратчилар депортация қилиниб, 10 йилгача Саудияга кириши тақиқланади.
«Энергия тарифлари ошиши инфляция прогнозларида инобатга олинган» — Марказий банк
29 апрел куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Темур Ишметов энергия тарифлари ошиши инфляция прогнозларида аллақачон инобатга олинганини билдирди. Марказий банкга кўра, коммунал тўловлар ва давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар инфляция ҳисоб-китобларининг муҳим қисми ҳисобланади.
Раиснинг таъкидлашича, йил бошида эълон қилинган 10 фоизгача тариф индексацияси ҳам прогнозларга киритилган, аммо якуний қарорлар ҳали тасдиқланмаган. Шу билан бирга, тарифларни белгилаш бошқа масъул идоралар ваколатига киради.
Марказий банк ташқи хатарларга ҳам эътибор қаратмоқда. Глобал инфляция ва нефть нархлари ўзгариши ички бозорга таъсир қилиши мумкинлиги қайд этилди. Зарур ҳолларда пул-кредит сиёсати қатъийлаштирилиши ва барча омиллар доимий мониторинг қилиниши таъкидланди.





