Logo

ABB «Davr Bank» улушини сотиб олишни якунлади

Bugun 11:272 daqiqa

Президент Илҳом Алиев Озарбойжоннинг етакчи банки ABB Ўзбекистон бозорига кирганини маълум қилди.

ABB «Davr Bank» улушини сотиб олишни якунлади © YANDEX MAPS

Озарбайжоннинг мамлакатдаги энг йирик давлат банки — Озарбойжон Халқаро банки Ўзбекистондаги хусусий «Davr Bank»даги улушни сотиб олиш жараёнини якунлади. Бу ҳақда 23-август куни Тошкентга давлат ташрифи билан келган Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевга намойиш этилган қўшма лойиҳалар ҳақидаги видеороликда маълум қилинди.

«Молия секторида Озарбойжон Халқаро банки «Davr Bank»даги улушни сотиб олишни якунлади. Бу икки мамлакатнинг банк соҳасидаги ҳамкорлигида янги босқични бошлаб беради», — дейилади лавҳада.

Бир кун аввал икки давлат президентлари Озарбойжон компанияларининг Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларини очиш ва уларга тамал тоши қўйиш маросимида онлайн форматда иштирок этган эди. Очилган учта лойиҳадан бири «Davr Bank» бўлди.

Илҳом Алиев ОАВ вакиллари билан учрашувда икки давлатнинг банк соҳасидаги ҳамкорлигига тўхталиб, «Озарбойжоннинг етакчи банки Ўзбекистон бозорига кирди», дея таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, «Davr банк» Озарбойжоннинг йирик банки билан 51 фоиз улушини сотиш бўйича келишувга эришганди.

«Davr банк» акциядорлари 8-июн куни банкнинг 51 фоиз акциясини АББ'га сотиш бўйича битимни маъқуллаганди. Келишувга кўра, назорат пакети учун 100 млн доллар тўланади.

Бундан ташқари, АББ'га кейинчалик яна 23 фоиз акцияни сотиб олиш имконини берувчи механизм ҳам кўзда тутилган. Натижада Озарбойжон банкининг «Davr Bank»даги улуши 74 фоизгача ошиши мумкин. Бироқ қўшимча акциялар қачон ва қандай нархда сотиб олиниши ҳозирча очиқланмаган.

Маълумот учун, «Davr bank»ка 2001 йилда асос солинган. Банк активлари тахминан 1 млрд долларга тенг. Ҳозирда 1,4 млн нафар мижозга хизмат кўрсатади ва мамлакат бўйлаб 43 та филиалга эга.

Шунингдек, банк «ЕБРР», «ХМК», «ОТБ» каби халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиб келади. 2025 йил якунларига кўра, унинг асосий молиявий кўрсаткичлари 30–45 фоизга ўсган.

iHamkor.uz маълумотларига кўра, банкнинг акциядорлари 8 нафар жисмоний шахсдан иборат. Асосий акциядорлар Лутфулла Убаев (42 фоиз) ва Махфуза Убаева (14,7 фоиз) ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid