
АҚШ ҳукумати Яшил иқлим фондидан чиқишини эълон қилди
АҚШ маъмурияти энергетика сиёсатида иқтисодий ўсишни устувор қўйиб, халқаро иқлим мажбуриятларини қайта кўриб чиқмоқда.

АҚШ ҳукумати БМТ ҳузуридаги Яшил иқлим фондида иштирокини тўхтатишга қарор қилди. Молия вазирлиги Вашингтон мазкур жамғармага молиявий ҳисса қўшишдан воз кечганини расман маълум қилди. Бу қарор мамлакат энергетика сиёсатида иқтисодий ўсишни биринчи ўринга қўйиш стратегияси билан изоҳланмоқда.
АҚШ молия вазири Скотт Бессент фонднинг фаолиятини танқид қилиб, уни «радикал ташкилот» деб атади. Унинг таъкидлашича, фонд илгари сураётган ёндашувлар арзон ва ишончли энергия манбалари иқтисодий тараққиёт ҳамда қашшоқликни қисқартиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани ҳақидаги асосий тамойилга зид келади.
Вазирлик баёнотида айтилишича, Доналд Трамп маъмурияти иқтисодиёт ўсишига хизмат қиладиган барча энергия манбаларини, жумладан анъанавий ва муқобил йўналишларни бирдек ривожлантириш ниятида. Шу сабабли Яшил иқлим фондида иштирок этиш ҳукуматнинг жорий устувор мақсадларига мос келмайди, деган хулосага келинган.
Яшил иқлим фонди БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси доирасида ташкил этилган бўлиб, ривожланаётган давлатларга иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва камайтириш лойиҳаларида молиявий ёрдам кўрсатишни мақсад қилади. АҚШнинг чиқиши фонд фаолиятига салмоқли таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу қарор Трампнинг халқаро ташкилотларга нисбатан танқидий сиёсатининг давоми ҳисобланади. Аввалроқ Трамп АҚШни 66 та халқаро тузилмадан чиқаришни назарда тутувчи меморандумни имзолаган, уларнинг 31 таси БМТ тизимига киради. Оқ уйга кўра, ушбу ташкилотлар энди Америка манфаатларига хизмат қилмаяпти.





