add

«Орзудаги армия учун»: Трамп АҚШ ҳарбий бюджетини мисли кўрилмаган даражада оширмоқчи

Kecha 09:272 daqiqa

Доналд Трамп 2027 йилда АҚШ ҳарбий бюджетини 1,5 трлн долларгача оширишни режалаштирмоқда, бу сўнгги 70 йилдаги энг кескин ўсиш ҳисобланади.

«Орзудаги армия учун»: Трамп АҚШ ҳарбий бюджетини мисли кўрилмаган даражада оширмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат ҳарбий харажатларини рекорд даражада ошириш режасини эълон қилди. Унга кўра, 2027 йилда Пентагон бюджети 1,5 трлн долларга етказилади. Бу жорий йилдаги 901 млрд долларлик ҳарбий харажатларга нисбатан қарийб 1,5 баробар ўсишни англатади ва АҚШ тарихида 1950-йиллардан бери кузатилмаган кўлам ҳисобланади.

Трампнинг таъкидлашича, бу қарор сенаторлар, конгрессменлар ва вазирлар билан «узоқ ва мураккаб музокаралар»дан сўнг қабул қилинган. Қўшимча маблағлар, унинг сўзларига кўра, АҚШга қарши жорий этилган тарифлар ҳисобидан қопланади. Президент ушбу режани «орзудаги армия»ни барпо этиш ва мамлакатни барча ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш билан изоҳлади.

Охирги марта АҚШ ҳарбий бюджети бунчалик тез суръатда 1951 йилда оширилган эди. Ўша пайтда Корея уруши туфайли харажатлар 50 фоиздан кўпроққа кўтарилган. Ҳатто «совуқ уруш» авж олган даврда, Роналд Рейган маъмурияти йилларида ҳам ҳарбий бюджет бундай кескин ўсмаган.

Янги харажатлар Трамп маъмуриятининг бир қатор йирик ҳарбий дастурларини молиялаштиришга йўналтирилади. Улар орасида «Олтин қубба» деб номланган ракетага қарши мудофаа тизими ҳамда ҳарбий-денгиз кучларини янгилашга қаратилган «Олтин флот» лойиҳаси бор. Биринчи дастур қиймати 175 млрд долларга баҳоланмоқда, иккинчиси эса 25 та янги ҳарбий кемани қуришни назарда тутади.

Бироқ режани амалга ошириш учун Конгресс розилиги талаб этилади. Республикачилар кўпчиликни ташкил этса-да, харажатлар ҳажми айрим қонун чиқарувчиларда шубҳа уйғотмоқда. Ҳозир АҚШ мудофаага ЯИМнинг 3,5 фоизини сарфламоқда, айрим сиёсатчилар эса бу кўрсаткични камида 4 фоизга етказиш кераклигини таъкидламоқда.

Мустақил таҳлил марказлари ҳисоб-китобларига кўра, Трамп режалари 2035 йилгача 5 трлн долларга яқин қўшимча харажат талаб қилади. Тарифлардан тушаётган даромад эса бу миқдорни тўлиқ қоплаш учун етарли эмас.

Teglar

Mavzuga oid