АҚШ, Исроил ва Эрон уруши: 19-кун воқеалари
Исроил Эрон хавфсизлик хизмати раҳбари Али Лорижоний ва «Басиж» қўмондони Ғуломризо Сулаймонийни ўлдирди. Расмий Теҳрон эса бу учун қасос олишга ваъда берди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши 19-кунга қадам қўяр экан, Теҳрон Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлган Хавфсизлик хизмати раҳбари Али Лорижоний ҳамда «Басиж» кўнгиллилар қўшини қўмондони Ғуломризо Сулаймоний учун қасос олишга ваъда берди. Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий Теҳроннинг сиёсий тизими мустаҳкам бўлиб қолишини таъкидлади.
Рамат-Ганда икки кишининг ҳаётига зомин бўлган зарбадан сўнг, Эрон Исроилга нисбатан янги ҳужумларни амалга оширди. Мазкур зарбалар натижасида инфратузилмага жиддий моддий зарар етказилгани қайд этилди.
Можаро минтақа бўйлаб тобора кенгайиб бормоқда. Эрон ва унга иттифоқчи гуруҳлар Форс кўрфази давлатларига ракета ва дронлар учирди; Саудия Арабистони, Қувайт ва Иорданияда ҳужумлар қайд этилган.
Америка Қўшма Штатларида ҳам сиёсий кескинлик ортиб бормоқда. Терроризмга қарши кураш бўйича юқори лавозимли мулозим Жо Кент: «Биз бу урушни Исроил ва унинг Америкадаги қудратли лоббиси босими остида бошладик», дея истеъфога чиқди.
Шунингдек, президент Доналд Трамп НАТОдаги иттифоқчилари ва ҳамкорларини Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги назоратини жиловлашда етарлича ҳарбий ёрдам кўрсатмаётгани учун танқид қилди.
Эрондаги вазият
· Юқори мартабали раҳбарларнинг ўлими: Теҳрон икки муҳим шахс — хавфсизлик хизмати раҳбари Али Лорижоний ва «Басиж» қўмондони Ғуломризо Сулаймонийнинг вафоти муносабати билан мотам тутмоқда. Улар Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлди. Уларнинг ўлими Эрон давлат тизими учун оғир зарба бўлди.
· Сиёсий оқибатлар: Лорижоний музокаралар олиб бориш қобилиятига эга, тажрибали ва вазмин сиёсатчи сифатида танилган эди. У уруш бошланишидан олдин ядровий дастур бўйича музокараларга бошчилик қилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, Исроилнинг уни ўлдиришдан мақсади урушни тугатишга қаратилган дипломатик йўлларни ёпиш бўлиши мумкин.
· Эроннинг жавоб зарбалари: Зарбаларга жавобан Эрон Исроил марказига ҳужум уюштирди.
· Эрон Ташқи ишлар вазири Арақчий «Ал-Жазира» телеканалига берган интервюсида минтақани қамраб олган уруш учун АҚШни масъул деб атади. У тинч аҳолини нишонга олишни қоралаб, АҚШнинг Форс кўрфази бўйлаб ҳарбий иштироки кескинлашувни муқаррар қилишини айтди.
· Эрон Исроилнинг «Моссад» разведка агентлиги учун жосуслик қилишда айбланган шахсни қатл этди. Бу ҳақда «Тасним» ярим расмий ахборот агентлиги хабар берди.
· Жаҳон чемпионати: ФИФА уруш давом этаётганига қарамай, Эроннинг ўз ўйинларини АҚШдан Мексикага кўчириш ҳақидаги илтимосини рад этди ва ЖЧ-2026 ўйинлари жадвал бўйича ўтишини билдирди.
· Ҳўрмуз бўғозида ҳаракат қайта тикланмоқда: Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали тижорат кемаларининг ўтишига қисман рухсат бермоқда. Маълумотларга кўра, 16-март куни Эронга тегишли бўлмаган саккизта кема бўғоздан ўтгани аниқланган.
· Қурбонлар сонининг ортиши: Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 28-февралдан буён АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари оқибатида камида 1444 киши ҳалок бўлган, 18 551 киши жароҳатланган.
Форс кўрфази минтақасидаги вазият
· Минтақадаги кенг кўламли ҳужумлар: Эрон АҚШ ва Исроил зарбаларига жавобан Кўрфазнинг бир қатор мамлакатларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Бундан ташқари, Ироқдаги қуролли гуруҳ сўнгги 15 кун ичида Саудия Арабистони, Қувайт ва Иордания ҳудудларига берилган 28 та дрон зарбаси учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
· Саудия Арабистони: Қироллик ушбу ҳужумларни муҳокама қилиш мақсадида Риёд шаҳрида араб ва мусулмон давлатлари ташқи ишлар вазирларининг фавқулодда йиғилишини ўтказмоқда.
· БААдаги ҳолат: Дубай медиа-идораси хабарига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталарни муваффақиятли зарарсизлантирган, жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
· Баҳрайн: Мамлакат бўйлаб сиреналар чалинди, Ички ишлар вазирлиги аҳолини зудлик билан хавфсиз жойларга ўтишга чақирди.
· Қатарга парвозларнинг тўхтатилиши: Яқин Шарқ ҳаво ҳудудидаги беқарорлик ва мавҳумлик сабабли «British Airways» авиакомпанияси Доҳа йўналишидаги парвозларни тўхтатиш муддатини 30-апрелга қадар узайтирди
· Қатарда ракеталарнинг тутиб қолиниши: Қатар Мудофаа вазирлиги 18-март куни Доҳа ва бошқа ҳудудларда портлаш товушлари эшитилганини ҳамда ракеталар уриб туширилганини маълум қилди.
· Украиналик мутахассислар: Украина президенти Володимир Зеленский Эрон дронларидан ҳимояланишга кўмаклашиш учун Яқин Шарқнинг бир нечта мамлакатига 200 нафардан ортиқ дронларга қарши курашиш бўйича ҳарбий мутахассислар юборилганини маълум қилди.
АҚШдаги вазият
· Америкалик мулозимнинг истеъфоси: АҚШнинг терроризмга қарши кураш бўйича юқори лавозимли вакили Жо Кент Эронни «таҳдид эмас» деди ва ўз лавозимидан истеъфо берди.
· НАТО иттифоқчилари билан кескинлик: Президент Трамп НАТОдаги иттифоқчиларини, шунингдек Япония, Австралия ва Жанубий Кореяни ушбу низода ҳарбий ёрдам беришда сусткашлик қилаётганликлари учун кескин танқид қилди.
Исроилдаги вазият
· Исроил «Басиж»га зарба берди: Исроил ҳарбийлари Эрон кўнгиллилар қўшини олий қўмондони ўлдирилганини тасдиқлади ва Теҳрон атрофидаги «Басиж» кучларининг позицияларига зарба бераётганини маълум қилди.
· Исроил армияси 17-март куни Теҳрондаги Эрон қўмондонлик марказлари, ракета майдонлари ва бошқа инфратузилма объектларига зарба берганини даъво қилди.
· Тўғридан-тўғри ҳужумлар ва талафотлар: Кескинлик кучайиши фонида Исроил жавоб тариқасидаги бомбардимонларга дуч келмоқда. Тел-Авив яқинидаги Рамат-Ган шаҳрида ракета ҳужуми оқибатида кўп қаватли уйга жиддий зарар етди ва икки киши ҳалок бўлди.
Ливандаги вазият
· 18-март куни Исроил ҳарбий қўмондонлиги Ливан жанубидаги тўртта қишлоқ аҳолисига ўз уйларини зудлик билан тарк этиш ва Заҳраний дарёсидан шимолроққа кўчишни буюрди.
· Оммавий эвакуация буйруқлари: Исроил армияси Ливан жанубида 2006-йилги урушдан буён кузатилган энг кенг кўламли мажбурий эвакуация ҳақида эълон қилди. Бундан аввал ҳарбийлар Тир шаҳри, жумладан, у ердаги учта Фаластин қочоқлар лагери аҳолисига ҳам ўз уйларини зудлик билан бўшатиш бўйича кўрсатма берган эди.
· Беқо водийсидаги қонли ҳаво ҳужумлари: Ливаннинг Беқо водийсидаги Саҳмар шаҳарчасида тўртта уй нишонга олиниши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлди.
· «Ҳизбуллоҳ»нинг раддияси: Гуруҳ Қувайт ҳудудида ўз аъзолари мавжудлигини инкор этди. Бунга қадар Қувайт расмийлари қўпорувчилик уюштиришда айбланиб, ташкилотга алоқадорликда гумонланган 14 нафар Қувайт ва икки нафар Ливан фуқароси ҳибсга олинганини маълум қилган эди.
Ироқдаги вазият
· АҚШ элчихонасига зарба берилди: «Al-Jazeera» нашрининг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Бағдод аэропорти яқинидаги моддий-техник таъминот маркази ҳудудида дрон уриб туширган. АҚШ элчихонаси нишонга олинган навбатдаги ҳужумлар оқибатида Бағдодда портлашлар юз берди. Шунингдек, Киркук шаҳрининг шимоли-шарқида жойлашган қуролли гуруҳ базасига ҳам ҳужум уюштирилган.
· «Сарая Авлия ал-Дам»: Ироқнинг «Сарая Авлия ал-Дам» қуролли гуруҳи АҚШ объектларига қарши бир неча фронтдаги ҳужумлар тўлқини учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
· Ироқ нефт экспорти йўналишини ўзгартирмоқда: Ҳўрмуз бўғозидаги узилишлар ва қазиб олиш ҳажмининг кескин камайиши фонида, Бағдод ва Эрбил Курдистон мухторияти орқали Туркиянинг Жайҳон портига қувур орқали экспортни қайта тиклаш ҳаракатини бошлади.





