
Бухоро вилоятидаги янги аэропорт 2027 йил бошида ишга тушади
Бухоро вилоятида қурилаётган янги халқаро аэропортни 2027 йил биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Лойиҳа туризм ва йўловчи оқимини оширишга қаратилган.

Бухоро вилоятида қурилаётган янги халқаро аэропорт 2027 йил биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Бухоро халқаро аэропорти директор ўринбосари Шаҳбоз Ҳайитов «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги авиация мажмуаси йилига 3 млн нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда, умумий инвестициялар ҳажми эса 226 млн доллар этиб баҳоланмоқда.
Қурилиш ишлари шаҳар ҳудудидан ташқарида, 377,7 гектар майдонда олиб борилмоқда. Амалдаги аэропорт Бухоро шаҳри ичида жойлашгани сабабли уни янада кенгайтириш техник жиҳатдан имкони йўқ, деб топилган.
Янги аэропорт инфратузилмаси 3,3 км узунликдаги учиш-қўниш йўлагини ўз ичига олади. У барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилишга мўлжалланган. Шунингдек, бешта бурилиш йўлаги ва самолётлар учун 20 та замонавий тураргоҳ барпо этилади. Аэровокзал мажмуасининг соатлик ўтказиш қуввати 1200 нафар йўловчини ташкил этади.
Аэропорт Бухоро шаҳридан 26 км масофада жойлашгани боис, транспорт қатновини таъминлаш мақсадида 29 км узунликда янги автомобил йўли ҳам қурилмоқда. Масъуллар таъкидлашича, 2030 йилга бориб минтақада йўловчилар оқими сезиларли даражада ўсади ва мавжуд ҳаво гавани бу юкламани кўтара олмайди.
Ҳозирги кунда амалдаги Бухоро халқаро аэропорти соатига тахминан 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатади, бу эса йилига қарийб 1 млн кишини ташкил қилади. Туристларнинг катта қисми ҳозирча темирйўл ва автомобил транспорти орқали келмоқда. Шу билан бирга, яқин уч йил ичида Бухорога келувчи туристлар сонини йилига 8 млн нафарга етказиш режалаштирилган.
Янги аэропорт қурилиши 2024 йил май ойида бошланган бўлиб, у туризмни ривожлантириш ва ҳудуднинг транспорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири ҳисобланади.





