
Ҳибсдаги ИИВ собиқ мансабдорлари, «қурбон» қилинган ўзбек тили лицейи ва 17 январгача давом этадиган «бўғиқ» ҳаво — 8 январ дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Француз университети учун «қурбон» қилинаётган ўзбек тили лицейи
Тошкентда Ўзбек–француз университети ташкил этилиши муносабати билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги академик лицейнинг ёпилиши жамоатчилик ўртасида кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Лицей жамоаси ва ота-оналарнинг таъкидлашича, ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган ягона ушбу масканнинг тугатилиши йиллар давомида шаклланган илмий муҳит ва юқори кўрсаткичларга эга таълим тизимининг парчаланишига олиб келади. Хусусан, лицей битирувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичи 95 фоизга етган бир пайтда, муассасанинг "қурбон" қилиниши давлат тили сиёсатига зид қарор сифатида баҳоланмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса ушбу жараён Президент қарори асосида, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётганини билдирди. Расмий изоҳга кўра, лицей фаолияти 2027 йилгача босқичма-босқич тугатилади ва ўқувчилар бошқа лицейларга йўналтирилади, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари эса кафолатланади. Шунга қарамай, педагоглар ва ота-оналар "нега айнан шу лицей?" деган саволга асосли жавоб олишмаган ва янги университет учун тайёр, муваффақиятли ишлаб турган масканнинг танланганини адолатсизлик деб ҳисоблашмоқда.
Давлат маблағларини талон-тарож қилган ИИВ собиқ мансабдорлари ҳибсга олингани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаментининг собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ушбу юқори лавозимли шахслар давлат маблағларини йирик миқдорда талон-тарож қилганликда айбланмоқда. Иккала мулозим ҳам 2025 йилнинг 3 ноябрида Президент қарори билан лавозимидан озод этилган эди.
Ушбу ҳибслар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йилни коррупцияга қарши курашда «фавқулодда ҳолат» деб эълон қилгани ва тизимдаги "хиёнатчи" амалдорларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши ҳақидаги огоҳлантиришидан сўнг амалга оширилмоқда. Ҳозирча Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот бермаган бўлса-да, вазият жамоатчилик диққат марказида қолмоқда.
Экоқўмита ҳаво ифлосланиши 17 январгача давом этишини маълум қилди
Экология қўмитасининг маълумотига кўра, Тошкент ва бошқа ҳудудларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши 17 январгача давом этиши кутилмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида ҳарорат инверсияси — ҳавонинг юқори қатламлари иссиқроқ бўлиб, ифлослантирувчи моддаларни ер юзасида "димиқтириб" қўйиши кўрсатилмоқда. Ҳозирда ҳаводаги PM2,5 заррачалари миқдори меъёрдан 1,7 баробаргача ошиб кетган.
Вазиятни юмшатиш учун Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 30 дан ортиқ корхоналар фаолияти чекланди ёки вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, экологик рейдлар давомида ҳавони меъёрдан ортиқ ифлослантирган ўнлаб автотранспорт воситалари эгаларига чора кўрилди. Мутахассисларнинг прогнозига кўра, 17 январдан бошлаб ёғингарчилик ва шамол кучайиши натижасида ҳаво тозалана бошлайди.
Ўзбекистонлик шахматчилар дунёда энг кўп мукофот пули олганлар ўнталигига кирди
Ўзбекистонлик гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров 2025 йил якунларига кўра дунёнинг энг кўп мукофот пули ишлаб топган 10 нафар шахматчиси қаторидан жой олди. Chess.com маълумотларига кўра, Абдусатторов йил давомида 361 800 доллар (жаҳонда 9-ўрин), Синдаров эса 349 900 доллар (10-ўрин) даромад қилган. Таъкидлаш жоизки, Нодирбекнинг бир йиллик даромади қарийб уч бараварга ошган бўлса, Жавоҳир Жаҳон кубогидаги муваффақияти орқали фаолиятидаги энг йирик — 120 минг долларлик совринни қўлга киритди.
Рейтингда биринчи ўринни 1,46 миллион доллар билан Магнус Карлсен эгаллади. Ўзбек шахмат мактабининг халқаро майдондаги нуфузи ўсишда давом этмоқда: 2026 йил январь ҳолатига кўра, жаҳоннинг энг кучли 100 нафар шахматчиси рўйхатидан бир йўла беш нафар ўзбекистонлик жой олди. Нодирбек Абдусатторов 2751 рейтинг билан жаҳонда 12-поғонани эгаллаб турибди.
Ўзбекистон ноябрда олтин хариди бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллади
Ноябр ойида Ўзбекистон Марказий банки 10 тонна олтин харид қилиб, бу борада дунёда Полша (12 тонна) ва Бразилиядан (11 тонна) кейин учинчи ўринни эгаллади. «World Gold Council» ҳисоботига кўра, мамлакатимиз ноябр ойида олтин экспортини тўлиқ тўхтатган ва захираларини оширишга эътибор қаратган. Бу 2025 йил давомида Ўзбекистон олтин сотмаган тўртинчи ой бўлди.
Натижада, 1 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин захиралари тарихий максимумни янгилаб, 50,85 млрд долларга етди. Умумий халқаро олтин-валюта захиралари эса 61,23 млрд долларни ташкил этмоқда. Йил бошидан буён олтин экспорти 9,9 млрд доллардан ошиб, ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизлик ўсишни кўрсатган.





