add

Нотариал хизматлар видеоконференцалоқа орқали амалга оширилади

08.01.2026 | 17:552 daqiqa

Нотариал хизматларни E-notarius.uz ахборот портали ҳамда Notarius автоматлаштирилган ахборот тизими орқали видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш мумкин.

Нотариал хизматлар видеоконференцалоқа орқали амалга оширилади

Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режими орқали амалга ошириш тартибини белгилайдиган низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжатга мувофиқ, жисмоний ёки юридик шахснинг вакили нотариал идорага бевосита келмаган ҳолатларда нотариал ҳаракатлар масофадан туриб расмийлаштирилиши мумкин.

Янги тартиб нотариал хизматлардан фойдаланишда вақт ва харажатларни қисқартиришга қаратилган. Низом нотариуслар томонидан мурожаатларни видеоконференцалоқа орқали қабул қилиш, текшириш ва тасдиқлаш механизмларини аниқ белгилаб беради. Бу эса рақамли хизматлар улушини ошириш орқали ҳуқуқий хизматлар бозорини модернизация қилишга хизмат қилади.

Низомга кўра, видеоконференцалоқа режимидаги нотариал ҳаракатлар E-notarius.uz ахборот портали ҳамда Notarius автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. Мурожаат қилувчи электрон тармоқдан фойдаланиш шартлари билан танишиб, розилигини электрон шаклда тасдиқлаши шарт.

Ариза берувчи тасдиқланиши сўралаётган нотариал ҳаракат турини аниқ кўрсатади ва зарур маълумотларни электрон тарзда тақдим этади. Нотариус мурожаат келиб тушган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида уни ўрганиб чиқади ва ҳужжатларда камчиликлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида хабар беради.

Видеоконференцалоқа жараёнида томонлар жойлашган ҳудудда бошқа шахслар бўлмаслиги, муҳит шовқиндан холи ва ёруғ бўлиши, видеотасвир эса аниқ кўриниши шарт. Нотариал ҳаракат лойиҳаси тайёр бўлганидан сўнг, нотариус томонларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, амалга оширилаётган ҳаракатнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 9 сентябрдаги қарорига кўра, 2027 йил март ойидан бошлаб уй-жойни сотиб олиш ёки ҳадя қилиш шартномалари, шунингдек, айрим бошқа ҳуқуқий битимлар видеоалоқа орқали нотариус томонидан расмийлаштирилади.

Teglar

Mavzuga oid