Logo

Франциядаги Лувр музейи ёпилди — мамлакатда комендантлик соати жорий этилади

Bugun 09:002 daqiqa

Парижда талабалар иш ташлаши оқибатида Лувр музейи ёпилди.

Франциядаги Лувр музейи ёпилди — мамлакатда комендантлик соати жорий этилади © Foto: france24

Францияни қамраб олган оммавий намойишлар ва талон-торожлар сабабли мамлакатнинг айрим шаҳарларида комендантлик соати жорий этилади, шунингдек, Париждаги машҳур Лувр музейи ташриф буюрувчилар учун ёпилди. Бу ҳақда 19 октябр куни мамлакат ҳукумати ва музей маъмурияти маълум қилди.

Франция Бош вазири Себастьен Лекорнюнинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимият органларига комендантлик соати жорий қилиш чораларини кўриш бўйича кўрсатма берилган.

Лекорнюнинг таъкидлашича, комендантлик соати қисман ёки «жуда локал» бўлиши мумкин. Мазкур чора талон-торож қилиш ҳолатлари тез-тез учраётгани сабабли 19 октябр оқшомиданоқ кучга киради.

Лувр музейининг ёпилиши ва сайёҳлар норозилиги

Талабаларнинг иш ташлашлари сабабли кўплаб тарихий ва бадий реликвияларни ўзида жамлаган Лувр музейи ёпилди. Музейнинг X ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида мазкур маданий муассаса вақтинча ташриф буюрувчиларни қабул қилмаслиги ҳақида пост эълон қилинди:

«Ҳурматли ташриф буюрувчилар, талабаларнинг иш ташлашлари сабабли музей ҳозирча ёпиқ. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», — дейилади баёнотда.

Француз журналисти Люк Оффренинг X тармоғида маълум қилишича, талабалар 19 октябр куни эрталабдан бошлаб музейга кириш йўлини тўсиб қўйган.

«Сайёҳлар талабалар томонидан тўсиб қўйилган Луврга киришга рухсат беришни талаб қилиб, норозилик билдиришни бошлашмоқда», — деб ёзади журналист воқеа жойидан олинган видеони улашиб.

Воқеалар хронологияси ва ҳибсга олишлар

Сентябр ойининг охирида Францияда юқори синф ўқувчиларининг намойишлари бошланган эди. Куни кеча Парижда ўқувчиларнинг йирик демонстрацияси олдидан стихияли акциялар ўтказилиб, уларнинг бири полиция билан тўқнашувлар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўлланилиши билан якунланган.

Шу билан бирга, ҳаёт кечириш қийматининг ошиб кетишига қарши ўтказилаётган оммавий намойишлар давомида Франция бўйлаб 2 мингдан ортиқ иштирокчи қўлга олинган. Бизнесменлар ва шаҳар мэрлари бутун мамлакат бўйлаб юз берган тартибсизликлар ва погромлар оқибатлари ҳақида хабар беришган.

Ушбу воқеалар фонида куни кеча мамлакат президенти Эммануэль Макрон миллатга видеомурожаат йўллаган.

Teglar

Mavzuga oid