Ҳўрмуз бўғози уч ҳафтадан бери ёпиқ. Энди нима бўлади?
Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг «хавфсиз» ўтиши учун пул олмоқда, АҚШ эса уни қайта очиш бўйича баҳсли усулларни таклиф қилмоқда.

Дунё нефтининг тахминан тўртдан бири ва суюлтирилган табиий газ етказиб беришнинг бешдан бир қисми ўтадиган муҳим йўлак ҳисобланган Ҳўрмуз бўғози амалда уч ҳафтадан бери кемалар қатнови учун ёпиқ. Таъминотдаги узилишлар сабаб бензин ва дизел ёқилғиси нархлари тез суръатда ўсмоқда, газ бозори эса сўнгги тўрт йилдаги энг катта инқирозни бошдан кечирмоқда. Эрон танкерлар ўтиши учун тўлов жорий қилмоқда, Доналд Трамп эса бўғозни қайта очиш бўйича турли ғояларни илгари сурмоқда (уларнинг барчасига нисбатан саволлар мавжуд).
Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали «хавфсиз» ўтиш учун пул олмоқда
Эрон кемаларга Ҳўрмуз бўғози орқали «хавфсиз» коридор орқали ўтишга рухсат бермоқда, бунинг учун Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбийларининг тасдиғини олиш керак, деб ёзади «Lloyd’s List» манбаларга таяниб. Уларнинг маълумотига кўра, камида битта оператор ўз танкерини ўтказиш учун Теҳронга 2 млн доллар тўлаган.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан тасдиқланган кемалар Эрон ҳудудий сувлари орқали, Ларак ороли яқинидан ўтади. У ерда ҳарбийлар ва порт расмийлари танкерларни визуал текшириб, кейинги ўтишга рухсат беради. «Lloyd’s List» қайд этишича, камида тўққизта кема аллақачон ушбу имкониятдан фойдаланган. «Хавфсиз» коридор бўйича Эрон билан Ҳиндистон, Покистон, Ироқ, Малайзия ва Хитой музокара олиб бормоқда.
Ҳозирда танкерлар ўтиши учун рухсатномалар алоҳида тартибда бериляпти, аммо яқин кунларда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси янада расмийлаштирилган тартиб ишлаб чиқиши кутилмоқда, дейди «Lloyd’s List» манбалари. Ларак орқали ўтишни истаганлар олдиндан Эрон ҳарбийларига кема эгаси ва манзили ҳақида маълумот тақдим этиши керак бўлади.
Бу схема танкерлар хавфсизлигини кафолатламайди, деб ҳисоблайди «Control Risks» таҳлилчилари. Уларнинг фикрича, Вашингтон бундай ёндашувга рози бўлиши даргумон, чунки у амалда Теҳронга Ҳўрмуз бўғози устидан тўлиқ назоратни беради. АҚШ эҳтимол, ушбу схема иштирокчиларига, жумладан айрим шахслар, объектлар ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси денгиз кучларига нисбатан аниқ зарбалар беришни давом эттиради.
АҚШ Эроннинг асосий нефт хаби бўлган Харк оролини эгаллаш режасини кўриб чиқмоқда
Доналд Трамп маъмурияти айни пайтда Харкни эгаллаш ёки уни денгиздан блокада қилиш режасини ишлаб чиқмоқда — бу муҳим хаб орқали Эрон нефти экспортининг 90 фоизигача амалга оширилади. Бу ҳақда «Axios» тўрт нафар хабардор манбага таяниб хабар берди.
АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, оролни эгаллаш Эронни Ҳўрмуз бўғозини қайта очишга мажбур қилади. Аммо бунинг учун минтақага қўшимча кучлар юбориш ва Эронни янада заифлаштириш керак бўлади. «NBC» яқинда АҚШ Яқин Шарққа денгиз пиёдалари юборишни тезлаштираётганини ёзган.
«Бизга зарбалар билан эронликларни янада заифлаштириб, оролни эгаллаш, кейин эса музокараларда босим ўтказиш учун уларни қўлга олишга яна тахминан бир ой керак», – дейди «Axios» манбаси.
Оролни эгаллаш АҚШ учун муваффақиятни кафолатламайди ва ҳарбийлар учун жиддий хавфлар туғдиради. Истеъфодаги контр-адмирал Марк Монтгомерининг таъкидлашича, ҳатто Харк оролини назоратга олган тақдирда ҳам, Вашингтон муаммони ҳал қила олмайди, чунки Эрон нефт оқимини бошқа нуқтада тўсиб қўйиши мумкин.
«Axios» бу ғоя ҳақида илк бор 7-март куни ёзган эди. Кейинроқ, 14-март куни Доналд Трамп АҚШ оролга «энг кучли» авиаҳужумлардан бирини амалга оширганини маълум қилди. Нефт инфратузилмаси зарар кўрмаган, аммо у Эрон кемалар ўтишига тўсқинлик қилишда давом этса, Харк оролига зарбаларни давом эттиришга ваъда берди.
Доналд Трамп Ҳўрмузда танкерларни ҳимоя қилиш учун нима таклиф қилмоқда?
«The Wall Street Journal» (WSJ) ёзишича, Трамп маъмурияти Ҳўрмуз бўғозини қайта очишнинг икки вариантини кўриб чиқмоқда – ҳар иккаласи ҳам хавфли ва муваффақиятни кафолатламайди.
Биринчи вариант – танкерлар ўтишини АҚШ ҳарбий кемалари ҳимоясида таъминлаш. «WSJ» экспертлари баҳосига кўра, 5–10 та кемадан иборат конвойни кузатиш учун тахминан 12 та жанговор кема керак бўлади. Шунингдек, осмонни доимий равишда «MQ-9 Reaper» дронлари назорат қилиб, Эрон соҳилларидаги учириш қурилмаларини йўқ қилиб бориши лозим.
«Hudson Institute» таҳлилчиси, собиқ денгиз флоти офицери Брайан Кларкнинг айтишича, бундай операция минглаб ҳарбий ва денгизчиларни, катта харажатларни талаб қилади ва ойлаб давом этиши мумкин.
Ҳатто шу ҳолатда ҳам, ҳарбий кемалар етишмаслиги ва хавфсизлик чоралари сабаб юзага келадиган кечикишлар туфайли олдинги трафикнинг атиги 10 фоизинигина тиклаш мумкин, деб ҳисоблайди «Lloyd’s List». Бундай суръатда тўсилиб қолган 600 дан ортиқ кемани чиқариш учун ойлар керак бўлади. Шу билан бирга, Эрон томонидан зарба бериш хавфи сақланиб қолади ва АҚШ кучларининг бир қисми ҳужумкор вазифалардан чалғитилади.
Трамп халқаро коалиция тузиб, кемаларни кузатишни режалаштирган эди. Бироқ бошқа давлатлар бу ғояни қўллаб-қувватламади: Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Греция, Австралия, Жанубий Корея, Япония ва Хитой ўз кемаларини юборишдан бош тортди. «Бу бизнинг урушимиз эмас, биз уни бошламаганмиз», – дея таъкидлади Германия мудофаа вазири Борис Писториус.
Жавоб тариқасида Доналд Трамп АҚШ «энг қудратли давлат» сифатида «ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмаслигини» айтди.
Иккинчи вариант – Эрон ҳудудида қуруқликдаги ҳарбий операция
«The Wall Street Journal» маълумотига кўра, бу сценарий янада мураккаб: аввал соҳил бўйлаб кучли ҳаво зарбалари берилиши керак, шундан сўнг қўшин туширилиб, тоғли ва мураккаб ҳудудларда жанглар олиб борилади. Бунинг учун минглаб ҳарбийлар керак бўлади ва улар Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига қарши курашишига тўғри келади – бу тахминан 190 минг нафар жангчидан иборат куч бўлиб, улар йиллар давомида асимметрик урушга ихтисослашган.
Ҳатто соҳил устидан назорат ўрнатиш ҳам Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтишни кафолатламайди. Эрон мамлакат ичкарисидан узоқ масофали ракеталар ва дронлар орқали Форс кўрфазидаги нишонларга зарба бериши мумкин. Бундай шароитда кема эгалари танкерларни бу ҳудудга юборишга журъат этмаслигининг эҳтимоли катта.
Ҳарбийлар, шунингдек, нефт ва денгиз ташиш соҳаси таҳлилчилари баҳосига кўра, одатий трафикни (кунига 100 дан ортиқ кема ҳаракатини) фақат Эрон билан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгандан ва Теҳрон томонидан Форс кўрфазида кемаларга ҳужум қилмаслик бўйича кафолатлар берилгандан кейингина тиклаш мумкин бўлади.





