Олтин учун сўнгги 6 йилдаги энг ёмон ҳафта кузатилди. Сектор акцияларига инвестиция қилишда истиқбол қолдими?

Kecha 16:052 daqiqa

Олтиндаги пасайишдан фойдаланиб «паст нархда харид қилиш» стратегияси ҳозирча юқори хавфлар билан боғлиқ. Қисқа муддатли техник тикланишлар яна пасайишнинг давом этиши билан алмашиши мумкин.

Олтин учун сўнгги 6 йилдаги энг ёмон ҳафта кузатилди. Сектор акцияларига инвестиция қилишда истиқбол қолдими?

Яқин Шарқдаги можаро келтириб чиқарган энергетик шок 2020-йилдан бери олтин нархларининг энг катта ҳафталик пасайишига олиб келди. Қимматбаҳо металл ортидан олтин қазиб олувчи компаниялар акциялари ҳам кескин тушиб кетди, улар тушум камайиши ва энергия харажатлари ошиши хавфи остида қолди. Шунга қарамай, таҳлилчилар фикрича, соҳада узоқ муддатли инвестиция салоҳияти сақланиб қолмоқда, аммо у асосан йирик компаниялар акциялари билан чекланмоқда.

6 йил ичидаги энг катта тушиш

Олтин котировкалари ҳафтани қарийб 7 фоиз пасайиш билан якунламоқда, бу 2020-йил март ойидан бери энг катта тушиш ҳисобланади, деб ёзади «Bloomberg». 19-март куни спот нарх бир трой унция учун 4650 долларгача тушди ва етти савдо сессияси кетма-кет пасайиш қайд этилди – бу 2023-йил октябридан бери энг ёмон динамика.

Январ ойида олтин нархи 5600 доллар атрофидаги тарихий максимумларга чиққан эди. Ҳозирги кескин ўзгариш 2022-йилдаги сценарийни такрорламоқда – ўшанда Украинадаги можаро бошланиши ортидан энергетика бозоридаги шок олтин учун рекорд даражада узоқ пасайишга сабаб бўлган. Ҳозир ҳам нефт нархининг ўсиши инфляция хавфларини кучайтирди ва ғарб марказий банкларини фоиз ставкаларини пасайтиришдан тийилишга мажбур қилди. Бу эса фоиз даромади келтирмайдиган олтинга босим ўтказди.

Олтин нархининг тушиши олтин қазиб олувчи компаниялар акцияларига ҳам қаттиқ зарба берди. улар йил бошидан бери тўплаган ўсишни йўқотиб, манфий ҳудудга ўтди. Ню Йорк фонд биржасидаги «NYSE Arca Gold Miners Index» 19-март куни декабрдан бери энг паст даражага тушди. Торонто биржасида сектор акциялари энг катта йўқотишга учради: уларнинг капитализацияси ўртача 6 фоизга камайди, кичик компаниялар акциялари эса 8–1 фоизга тушди, деб хабар беради «Reuters».

«Jefferies» таҳлилчиси Кристофер Лафемина таъкидлашича, соҳа «икки томонлама зарба» хавфига дуч келмоқда – маҳсулот нархи тушиши ва харажатлар ошиши бир вақтда маржани қисқартиради.

Инвестиция имкониятлари қолдими?

Бозордаги кескин ўзгариш стратегияларни қайта кўриб чиқишни талаб қилади. «JPMorgan Chase»нинг собиқ трейдери, ҳозир мустақил таҳлилчи Роберт Готтлиб фикрича, ҳозирча «паст нархда сотиб олиш» жуда хавфли:

«Волатиллик пасайиб, нархлар барқарорлашмагунча янги сотувлар давом этиши мумкин».

Шу билан бирга, паникага қарамай, олтин қазиб олиш соҳасида узоқ муддатли инвесторлар учун имкониятлар пайдо бўлмоқда. Спекулянтлар чиқиб кетиши арзон харажатли йирик компаниялар акцияларини харид қилиш учун шароит яратади. Илгарги йилларда юқори олтин нархлари туфайли бу компаниялар катта молиявий захира тўплаган.

Нефт нархлари барқарорлашгач, молиявий жиҳатдан кучли ва йирик ишлаб чиқарувчилар, масалан, «Newmont» ва «Agnico Eagle Mines» акциялари қайта тикланиши мумкин, деб ҳисоблайди «Tuttle Capital Management» раҳбари Мэтю Таттл.

Teglar

Mavzuga oid