add

Ўзбекистон чегаралари Байрактар дронлари билан қўриқланади

Bugun 14:441 daqiqa

Янги махсус бўлинманинг жанговор навбатчилиги йўлга қўйилиб, чегара хавфсизлигида рақамли назорат ва тезкорлик кучайтирилди.

Ўзбекистон чегаралари Байрактар дронлари билан қўриқланади

Ўзбекистонда Байрактар туркумидаги учувчисиз учиш аппаратлари билан жиҳозланган янги махсус бўлинманинг жанговор навбатчилиги ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 13 январ куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, чегараларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизими босқичма-босқич замонавий рақамли технологиялар билан жиҳозланмоқда. «Давлат чегараларининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан таъминланди, шунингдек, 1117 километр оптик толали алоқа линиялари ётқизилди», — деди ДХХ раиси.

Маълум қилинишича, ушбу инфратузилма чегара ҳудудларида вазиятни реал вақт режимида кузатиш, маълумотларни тезкор узатиш ва хавфларни эрта аниқлаш имконини беради. Бу эса хавфсизлик чораларининг самарадорлигини сезиларли оширмоқда.

Баҳодир Қурбоновнинг сўзларига кўра, Чегара қўшинларининг моддий-техника таъминоти ҳам юқори даражага етказилган. Хусусан, бўлинмалар 98 фоизга автозирҳли техника, 88 фоизга сузиш воситалари, 100 фоизга қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, 78 фоизга электрон-оптик воситалар билан таъминланган. Шу билан бирга, замонавий учувчисиз аппаратлар чегара назоратининг ажралмас қисмига айланган.

Шунингдек, жанговор тайёргарлик машғулотларининг шиддати ва сифати оширилгани қайд этилди. Аввалроқ 2023 йил ноябр ойида Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмда Туркияда ишлаб чиқарилган Байрактар TB2 зарба берувчи оператив-тактик дрони президентга намойиш этилган эди.

Teglar

Mavzuga oid