
Ўзбекистонда корхоналарнинг энг кенг тарқалган шакллари қайсилар?
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган тижорат корхоналарининг қарийб тўртдан уч қисми МЧЖ ҳисобланади.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2026 йилнинг 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда жами 407,9 мингта тижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар орасида масъулияти чекланган жамият ташкилий-ҳуқуқий шакли етакчи ўринни эгаллаган.
Қайд этилишича, мамлакатда рўйхатдан ўтган 320,9 мингта корхона масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилган. Бу умумий тижорат ташкилотларининг 78,7 фоизини ташкил қилади. Мазкур кўрсаткич тадбиркорлар орасида МЧЖ шаклининг қулай ва самарали ҳисобланишини кўрсатмоқда.
Иккинчи ўринда 46,9 мингта корхона билан хусусий корхоналар туради. Уларнинг улуши умумий корхоналар сонида 11,5 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, 36,2 мингта оилавий корхона мавжуд бўлиб, уларнинг улуши 8,8 фоизга тенг. Оилавий бизнес шакли аҳолини иш билан таъминлаш ва кичик тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилмоқда.
Акциядорлик жамиятлари эса нисбатан кам улушга эга. Ҳисобот даврида мамлакатда атиги 636 та акциядорлик жамияти фаолият кўрсатган бўлиб, бу 0,2 фоизни ташкил этган. Қолган 3,3 мингта корхона ёки 0,8 фоиз эса бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга тўғри келади.
Аввалроқ Vaqt.uz МЧЖ ташкилий-ҳуқуқий шаклининг пайдо бўлиш тарихи, уни очиш ва солиқ тартиби тўғрисида материал эълон қилганди.

