Logo

Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 179,7 трлн сўмга етди

Kecha 12:552 daqiqa

Тўққиз ойда мамлакатда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми реал ҳисобда 11,3 фоиз ошди. Жами ҳажмнинг қарийб 30 фоизи Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 179,7 трлн сўмга етди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,3 фоизга ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.

Январ–сентябр ойларида яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажмининг 96,1 фоизини овқатланиш ва ичимликлар билан таъминлаш хизматлари ташкил этди. Бу қарийб 172,7 трлн сўм дегани. Қолган 3,9 фоиз ёки қарийб 7 трлн сўм жойлаштириш хизматлари ҳиссасига тўғри келди.

2025- йилнинг шу даврида яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 149,5 трлн сўм бўлган. Бир йил ичида у жорий нархларда 30,3 трлн сўмга кўпайди. Реал ўсиш 11,3 фоиз бўлган.

Ҳудудлар кесимида

Яшаш ва овқатланиш хизматлари бўйича Тошкент шаҳри етакчи бўлди. Тўққиз ойда бу ерда 32,6 трлн сўмлик хизмат кўрсатилди. Иккинчи ўриндаги Самарқанд вилояти (21,6 трлн сўм) билан фарқ 11 трлн сўмни ташкил этади.

Кейинги ўринларда Наманган ва Фарғона вилоятлари турибди. Наманганда 17,8 трлн, Фарғонада 17,6 трлн сўм, яъни фарқ атиги 200 млрд сўм. Қашқадарёда хизматлар ҳажми 15,4 трлн сўмга етиб, Тошкент вилоятидан 2,1 трлн сўмга ошиб кетди.

Андижонда хизматлар ҳажми 11,6 трлн сўмга етган бўлса, Хоразмда бу кўрсаткич 10,2 трлн сўмни ташкил этди, яъни Андижон 1,4 трлн сўм кўп хизмат кўрсатди. Қорақалпоғистон (9,1 трлн сўм) ва Бухоро (8,9 трлн сўм) натижалари эса бир-бирига яқин.

Сурхондарёда эса бу кўрсаткич 7,5 трлн сўм бўлиб, Навоийдан 2 трлн сўм юқори. Навоий (5,5 трлн сўм) ва Жиззах (5,3 трлн сўм) ўртасидаги фарқ яна 200 млрд сўмга тенг. Энг паст натижа Сирдарёда — 3,4 трлн сўм қайд этилди. Таққослаш учун, Тошкент шаҳрида хизматлар ҳажми бундан қарийб ўн баравар кўп.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тўққиз ойда бозор хизматлари ҳажми 1 003,2 трлн сўмга етганди. Яшаш ва овқатланиш хизматлари жами ҳажмнинг 17,9 фоизини ташкил этиб, савдо хизматларидан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Teglar

Mavzuga oid