add

Қарши нефт базаси раҳбари ишдан олинди

Bugun 11:082 daqiqa

2025 йилни Қарши нефт базаси молиявий зарар билан якунлагани маълум қилинди.

Қарши нефт базаси раҳбари ишдан олинди

«Ўзбекнефтгаз» раҳбарияти Қарши нефт базасида ўтказилган ўрганишлар якунлари бўйича корхона директори лавозимидан озод этилганини маълум қилди. Текширувлар компания бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ Қарши нефт базасининг жорий ҳолатини қониқарсиз деб баҳолаган. Хусусан, нефт маҳсулотларини реализация қилиш жараёнида самарали ва шаффоф тизим йўлга қўйилмагани, шунингдек, корхона раҳбарияти томонидан бошқарув ва ички назорат механизмлари етарли даражада таъминланмагани аниқланган.

Текширув натижасида ушбу камчиликлар молиявий натижаларга ҳам салбий таъсир кўрсатгани маълум бўлди. Қарши нефт базаси 2025 йилни молиявий зарар билан якунлаган. Таҳлиллар корхонада хўжалик фаолияти тўғри ташкил этилмагани, харажатлар даромадларга мутаносиб равишда оптималлаштирилмаганини кўрсатган. Бу эса корхонанинг молиявий аҳволи йил сайин ёмонлашиб боришига олиб келган.

Шунингдек, нефт маҳсулотлари зичлигини нотўғри қўллаш ҳолатлари аниқланиб, бу ҳолат истеъмолчилар манфаатларига зарар етказгани қайд этилди. Айнан шу омиллар раҳбариятга нисбатан қатъий чора кўрилишига асос бўлган.

«Йўл қўйилган тизимли камчиликлар ва бошқарувдаги хатоликлар сабаб Қарши нефт базаси директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дея таъкидланади хабарда.

Маълумот учун, 8 январ куни «Ўзбекнефтгаз» марказий офисида барча нефт базалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Унда Термиз, Жиззах, Мароқанд ҳамда Кучлик нефт базалари раҳбарлари йўл қўйган жиддий камчиликлари учун лавозимларидан озод этилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг комплаенс ҳамда коррупцияга қарши ички назорат йўналиши бўйича ўринбосари лавозимига адлия катта маслаҳатчиси Зоҳид Қораев тайинланганди.

Ушбу лавозим вазифалари комплаенс талабларига риоя этилишини таъминлаш, ички назорат тизимларини такомиллаштириш ҳамда коррупция хавф-хатарларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштиришни ўз ичига олади.

Teglar

Mavzuga oid