add

«Samsung» гаджетлар нархи қимматлашишидан огоҳлантирди

08.01.2026 | 18:382 daqiqa

«Samsung» хотира чиплари танқислиги туфайли смартфон ва электроника нархлари ошишини билдирди, бу эса 2026 йилда жаҳон бозорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Samsung» гаджетлар нархи қимматлашишидан огоҳлантирди

Жаҳондаги энг йирик электроника ишлаб чиқарувчиларидан бири — «Samsung Electronics» глобал миқёсда гаджетлар нархи ошиши муқаррарлигини маълум қилди. Компанияга кўра, бу жараённинг асосий сабаби хотира чиплари бозорида юзага келган кескин танқисликдир.

«Samsung» раҳбарияти таъкидлашича, компания дунёдаги энг йирик хотира ишлаб чиқарувчи бўлишига қарамасдан, ишлаб чиқариш харажатлари ўсиши ва таъминот занжиридаги узилишлар босимини ҳис қилмоқда. Бу ҳақда компания вакили CES кўргазмаси доирасида сўз юритган, деб ёзмоқда «Bloomberg».

«Samsung» глобал маркетинг раҳбари Вонжин Лининг айтишича, яримўтказгичлар таъминотидаги муаммолар барча ишлаб чиқарувчиларга таъсир қилади. Унинг сўзларига кўра, нархлар аллақачон ўсишни бошлаган ва маълум бир пайтда бу юк истеъмолчилар зиммасига ўтиш эҳтимоли бор.

Хотира чиплари танқислигига асосий туртки — сунъий интеллект соҳасидаги портлашдек ўсиш бўлди. Янги дата-марказлар қурилиши юқори ўтказувчанликка эга қиммат хотира турларига бўлган талабни кескин оширди. Натижада заводлар кўпроқ CИ учун мўлжалланган чипларга йўналтирилмоқда, маиший электроника учун эса таъминот қисқармоқда.

«Counterpoint Research» таҳлилчиларига кўра, 2026 йил иккинчи чорагига келиб хотира модуллари нархи 50 фоизгача ошиши мумкин. Бу прогноз бозор иштирокчилари учун жиддий сигнал сифатида қабул қилинмоқда.

Айрим йирик компаниялар — «Dell», «Xiaomi» ва «Lenovo» — аллақачон захираларни кўпайтириш ёки мижозларни эҳтимолий қимматлашиш ҳақида огоҳлантиришга киришган.

Шу билан бирга, «Samsung» 2026 йилга нисбатан эҳтиёткор оптимизмни сақлаб қолмоқда. Компания сунъий интеллект функциялари смартфонларни тезроқ янгилашга ундашини ва вертикал интеграция «Samsung»га рақобатчилар олдида устунлик беришини қайд этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid