Тадбиркорларга маҳсулот ёрлиқларини янги алифбога ўтказиш учун бир йил вақт берилиши мумкин
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари учун маҳсулот қадоқларини такомиллаштирилган алифбога босқичма-босқич ўтказиш муддатларини белгилаш, шунингдек, банклар, тўлов ташкилотлари ва электрон тижорат платформалари интерфейсларини янги алифбога мослаштириш режалаштирилмоқда.
© Sun'iy intelektЎзбекистонда тадбиркорларга маҳсулот қадоқлари ва ёрлиқларини такомиллаштирилган ўзбек алифбосига ўтказиш учун 2028 йил 22 апрелгача муҳлат бериш, банкоматлар, тўлов иловалари ва электрон тижорат платформаларини эса янги алифбога мослаштириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришларни жамиятнинг барча соҳаларида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида маълум қилинди.
Ҳужжат лойиҳаси 2026 йил 21 октябрдаги ЎРҚ–1184-сон Қонун ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги 4 та ҳарф «O‘ o‘ – Ö ö», «G‘ g‘ – Ğ ğ», «Sh sh – Ş ş», «Ch ch – Ç ç» тарзида ўзгартирилган.
Чора-тадбирлар дастури лойиҳасига кўра, маҳсулотларнинг ёрлиқлари ва қадоқлаш материалларини такомиллаштирилган ўзбек алифбоси ҳамда имло қоидалари асосида тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш режалаштирилмоқда:
— 2027 йил 22 апрелдан 2028 йил 22 апрелгача (12 ой) маҳсулот қадоқлари ва ёрлиқларида амалдаги ва янги алифбодан параллель фойдаланишга рухсат берилиши мумкин. Ушбу даврда тадбиркорлар дизайн ва босма қолипларни босқичма-босқич янгилайди;
— 2028 йил 22 апрелдан бошлаб янги буюртма асосида чоп этиладиган қадоқлар ва ёрлиқларда янги алифбодан фойдаланишни мажбурий этиб белгилаш таклиф этилмоқда;
— 2029 йил 22 апрелгача аввалги алифбода чоп этилган қадоқлаш материалларининг мавжуд захираларидан фойдаланишга рухсат бериш, ушбу давргача қонуний тамғаланган маҳсулотларнинг савдосини эса яроқлилик муддати тугагунига қадар давом эттириш имкониятини назарда тутиш кўзда тутилмоқда.
Банк, солиқ тизимлари ва электрон тижоратга қўйиладиган талаблар
Лойиҳада қонун кучга киргунга қадар Марказий банк, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари томонидан электрон ҳисоботлар, расмий бланклар, билдиришномалар, шунингдек, дастурий таъминотлар, мобил иловалар, банкоматлар ва терминаллардаги ўзбекча матнларни такомиллаштирилган алифбо ва имло қоидаларига мослаштириш белгиланмоқда.
Қонун кучга кирган санадан бошлаб эса электрон савдо платформалари, буюртмалар агрегаторлари, рақамли стриминг хизмати операторлари, электрон каталоглар, маҳсулот тавсифлари ва хизмат кўрсатиш платформаларининг такомиллаштирилган ўзбек алифбосида фаолият юритишини таъминлаш таклиф этилмоқда. 2026–2027 йилларда тадбиркорлик субъектлари учун семинарлар ташкил этиш ва электрон қўлланмалар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, қарор лойиҳасида бизнес ва молия сектори учун қатор истиснолар кўзда тутилган. Хусусан, товар белгилари, фирма номлари, хорижий шахслар ва ташкилотларнинг номлари асл шаклида берилиши мумкин.
Домен номлари, электрон почта манзиллари, фойдаланувчи номлари, логинлар, ҳисобварақ ва шартнома рақамлари ҳамда бошқа ноёб техник ёки ҳисоб идентификаторлари алифбодаги ўзгаришлар сабабли мажбурий равишда алмаштирилмайди ва қайта рўйхатдан ўтказилмайди. Миллий валюта ва қимматли қоғозларда ҳарфларнинг аввалги шакли мавжуд бўлиши ҳам уларнинг амал қилишига монелик қилмайди.
Маълумот учун, ўзбек тилининг лотин ёзувига ўтиши 1993 йилда бошланган ва 1995 йилда алифбо сезиларли ўзгартирилган. Алифбони янгилаш тўғрисидаги амалдаги қонун 2026 йил 7 июлда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 10 сентябрда Сенат томонидан маъқулланган ва 21 октябрда президент томонидан имзоланган.





