Logo

2027-йилдан кўп қаватли уйларда лифтлардан фойдаланиш бўйича янги тартиб жорий этилади

Kecha 17:142 daqiqa

Бино бошқарувчиларига лифтларни ҳар ойда камида бир марта мажбурий техник кўрикдан ўтказиш вазифаси юклатилиб, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳамда электрон тизимдан ташқари харид қилинган қурилмалардан фойдаланиш қатъиян чекланади.

2027-йилдан кўп қаватли уйларда лифтлардан фойдаланиш бўйича янги тартиб жорий этилади

Ўзбекистонда 2027-йилдан бошлаб кўп қаватли уйлардаги лифтларни рўйхатга олиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва хавфсиз фойдаланиш бўйича янги электрон тизим жорий этилади. Бино бошқарувчилари лифтларга ҳар ойда камида бир марта техник хизмат кўрсатилишини таъминлаши шарт этиб белгиланди. Бу ҳақда ҳукуматнинг 22-октябрдаги 588-сон қарорида маълум қилинди.

Қарорга мувофиқ, лифтларни рўйхатга олиш, техник хизмат кўрсатиш шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, шунингдек, хизмат натижаларини қайд этиш тўлиқ «Хавфсиз лифт» ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади. Лифтларни рўйхатга олиш бепул бўлиб, дастлабки техник кўрикдан ижобий ўтган лифт икки иш куни ичида рўйхатга олинади ва буюртмачига ҚР-кодли маълумотнома юборилади.

Лифт кабинасида унинг идентификация рақами, рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи ҚР-код ҳамда бино бошқарувчиси ва хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг алоқа маълумотлари бўлиши талаб этилади. Шу билан бирга, техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрига киритилиш онлайн хабарнома юбориш орқали бепул амалга оширилади.

Кафолат муддати ва фойдаланишдаги чекловлар

Янги тартибга кўра, йўловчи ташийдиган лифтларда қурилиш материаллари ва чиқиндиларини, лифт ўлчамларига мос келмайдиган буюмларни, шунингдек, портловчи, тез алангаланадиган, радиоактив ва ўта заҳарли моддаларни ташиш қатъиян тақиқланади. Электрон платформа орқали харид қилинмаган ва ўрнатилмаган лифтлар ҳамда эҳтиёт қисмлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ўрнатилган ҳар бир лифтга камида уч йил кафолат берилади. Кафолат муддати давомида таъмирлаш ва лифт қисмларини алмаштириш жараёни 15 кундан ошмаслиги керак. Фойдаланиш тақиқланганини билдирувчи қизил ёрлиқ билан белгиланган лифтга техник хизмат кўрсатилмайди ва бу даврда хизмат кўрсатувчи ташкилот бино бошқарувчисидан ойлик техник хизмат ҳақини талаб қила олмайди.

Teglar

Mavzuga oid