Урушдаги ўзбеклар, миллиардлик келишувлар — ҳафта дайжести
Рубио ташрифи арафасида Россия ҳарбийлари ҳам Ўзбекистонга келди. Украинанинг «Яшашни хоҳлайман» лойиҳаси эса фронтда Кремл фойдасига жанг қилаётган ўзбекистонликлар сонини очиқлади. Ўзбек армиясининг дунёдаги рейтинги ҳам эълон қилинди. Шу ва бошқа янгиликлар билан Vaqt.uz дайжестида танишинг.
АҚШнинг давлат котиби Ўзбекистонга келди, алифбодаги ҳарфлар ўзгарди, Россия ҳарбийлари эса Ўзбекистонда. Аммо бу ҳафта энг ачинарлиси — 20 мингдан ортиқ Марказий Осиё фуқароси Россия армияси билан шартнома тузгани, уларнинг 40 фоиздан ортиғи ўзбекистонликлар экани ҳақидаги хабар бўлди.
Хуллас, бу ҳафтада қувончли янгиликлар ҳам, одамни ўйлантирадиган ва хавотирга соладиган хабарлар ҳам етарлича бўлди. Масалан, алифбодаги ўзгаришлар менинг исм-фамилиямга таъсир қилмади. Сизда-чи? Исм-фамилиянгизни янги алифбода қандай ўзгарганини изоҳларда ёзиб қолдиринг.
Россия ҳарбийларининг Ўзбекистондаги машғулотлари, дунёнинг энг қудратли армиялари рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни ва ҳафтанинг бошқа муҳим воқеалари ҳақида ҳозир гаплашамиз.
Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи
Ҳафта бошида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ва АҚШ ОАВлари ҳам АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифини кенг ёритди. Давлат котиби Самарқандда бўлди. У АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни бирлаштирувчи C5+1 форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашди.
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиб, музокаралар олиб борди ва давлат раҳбаридан мукофот ҳам қабул қилди.
Рубионинг ташрифи давомида нималар муҳокама қилинди? Унинг Самарқандга сафари қандай ўтди, неча миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланди? Буларни Vaqt.uz’нинг YouTube саҳифасида эълон қилинган видеоларда томоша қилишингиз мумкин.
Курер билан жанжал: ресторан майдончаси олиб ташланди
Пиёдалар йўлаги кимники — пиёдаларникими ёки ресторанларники?
Тошкентда вояга етмаган курер билан жанжаллашган ресторан вакили 5 суткага қамалди. Шундан кейин пиёдалар йўлакларининг ноқонуний эгалланиши яна муҳокама марказига чиқди.
17-октябр куни Марказий универмаг яқинида «Brasserie Park» ресторани вакили билан курер ўртасида можаро юз берди. Тарқалган видеода ресторан вакили курьерга қўпол муомала қилиб, уни уриш билан таҳдид қилгани акс этган. Курер эса навигатор кўрсатган йўлдан келганини айтган.
Суд ресторан вакилига майда безорилик учун 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. Текширувда пиёдалар йўлагидан фойдаланиш қоидалари бузилгани ҳам аниқланиб, рестораннинг ёзги майдончаси олиб ташланди. Кейинчалик ресторан вакили курердан узр сўраб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди.
Қизиғи, пиёдалар йўлакларининг ресторан ва дўконлар томонидан эгаллаб олиниши ҳақида аввал ҳам кўп гапирилган. Лекин бу сафар бир можаро масаланинг амалий ечимига сабаб бўлди. Сиз ҳам пиёдалар йўлагини эгаллаб олган ресторан ёки дўконларни учратганмисиз? Изоҳларда ёзиб қолдиринг.
Бу ҳафта муҳокама қилинган мавзулардан яна бири — Россия ҳарбийларининг Ўзбекистонга келгани. Аммо бу ҳақда гапиришдан олдин кўпчиликни хавотирга солган бошқа бир хабарга тўхталамиз.
Ўзбекистонликлар Россия армиясида: 8,2 мингдан ортиқ фуқаро шартнома тузган
Украинанинг «Яшашни хоҳлайман» лойиҳаси маълумотларига кўра, Марказий Осиёнинг 20,4 мингдан ортиқ фуқароси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган. Уларнинг 40 фоиздан ортиғи — Ўзбекистон фуқаролари. Кейинги ўринларда Тожикистон — 5 308, Қозоғистон — 3 819, Қирғизистон — 2 219 ва Туркманистон — 884 нафар фуқаро қайд этилган.
2025-йилда Россия армияси билан шартнома тузган Марказий Осиё фуқаролари сони 2024-йилга нисбатан 2,1 баробарга ошган. 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса яна 6 043 киши шартнома тузган. Уларнинг 2 602 нафари ўзбекистонликлардир.
Лойиҳа хорижликларни Россия армиясига жалб қилишнинг учта усулини кўрсатади: пул ва фуқаролик ваъда қилиш, иш таклиф қилиб алдаш ҳамда мажбурлаш. Ёлловчилар ойига 2 000–3 000 доллар маош ва турли имтиёзларни ҳам ваъда қилиши айтилади.
Россия ҳарбийлари Ўзбекистонда
Россия ҳарбийларининг Ўзбекистонга келиши эса қўшма ўқув машғулотлари билан боғлиқ. 20–27-октябр кунлари Термиз полигонида «Ҳамкорлик-2026» тактик машғулотлари ўтказилади. Россиянинг 201-гвардия ҳарбий базаси хизматчилари ҳарбий техникада Тожикистон ва Ўзбекистон тоғлари орқали 300 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, полигонга етиб келган.
Машғулотларда икки давлат ҳарбийлари чегараолди ҳудудларида шартли ноқонуний қуролли гуруҳларни аниқлаш ва йўқ қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларни машқ қилади. Ўқув жараёнига тоғ ва штурм бўлинмалари, разведка ва зарба берувчи дронлар, ердаги робототехника мажмуалари ҳамда Ми-24 вертолётлари жалб этилади.
Ўзбекистон армияси дунё рейтингида нечанчи ўринда?
Россия ҳарбийлари Ўзбекистонда машғулот ўтказаётган бир пайтда дунёдаги энг қудратли армиялар рейтинги ҳам эълон қилинди. Сизнингча, Ўзбекистон нечанчи ўринда?
«Global Firepower»нинг 2026-йилги рейтингида Ўзбекистон 145 та мамлакат орасида 53-ўринни эгаллади. Биринчи ўринда АҚШ, ундан кейин Россия ва Хитой турибди. Кучли бешликни Ҳиндистон ва Жанубий Корея якунлайди.
Марказий Осиёда эса Ўзбекистон етакчи. Қозоғистон 58, Туркманистон 78, Тожикистон 100, Қирғизистон эса 108-ўринда қайд этилган.
Эркинжон Турдимовга уч ўринбосар тайинланди. Улардан бири — DJ
Бу ҳафта янги таълим ва илм-фан вазирининг ўринбосарлари тайинланганидан кўра, улардан бирининг DJлик фаолияти кўпроқ муҳокама қилинди.
20-октябр куни президентнинг тегишли қарори билан вазирликда янги тайинловлар амалга оширилди. Ойбек Йўлдошев вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар «PwC Uzbekistan» компаниясида давлат сектори, инфратузилма ва ESG бўйича консалтинг амалиёти директори бўлиб ишлаган.
Меҳринисо Пардаева вазир ўринбосари лавозимини эгаллади. У тайинловга қадар Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказида бошқарма бошлиғи эди. Санжар Мирзалиев ҳам вазир ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Беларус–Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтининг ижрочи директори бўлиб ишлаган.
Аммо Ойбек Йўлдошевнинг тайинлови эълон қилингач, унинг DJлик фаолиятига оид видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Кимдир «Таълим кимларнинг қўлига қолди?» дея танқид қилди. Бошқалар эса одамнинг касбидан ташқари қизиқишлари ҳам бўлиши табиийлигини таъкидлади. Ахир инсоннинг севимли машғулоти унинг касби билан бир хил бўлиши шарт эмас. Муҳими, у ўз зиммасидаги вазифани қай даражада уддалаяпти — гап ана шунда.
Сиз нима деб ўйлайсиз: раҳбарнинг аввалги машғулоти муҳимми ёки унинг иш натижасими?
«Янгилик қилиб, Американи очиш керак эмас»
«Янгилик қилиб, Американи очиш керак эмас». Бу — янги таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовнинг гаплари. У янги лавозимга тайинланганидан кейин илк бор ОАВга интервю берди.
Gazeta.uz’га берган интервюсида вазир таълим тизимида янги қонун ва қоидалар яратишдан кўра, мавжуд имкониятлардан тўғри фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Турдимов кадрлар масаласига ҳам тўхталди. Унинг айтишича, ходимларни шунчаки алмаштириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Аввало, уларнинг иш натижаларини таҳлил қилиш керак.
«Аравани ҳамма ўзи тортиши керак. Аравани торта олмаётганлар нима бўлади? Сафдан тушиб қолади», — деди вазир.
Шунингдек, у таълим сифатини оширишда ота-оналарнинг ҳам масъулияти борлигини эслатди. Унинг фикрича, фарзанднинг билим олиши фақат мактаб ёки ўқитувчининг вазифаси эмас.
«Фарзандингиз билан ҳар куни бир соат вақт ажратиб дарс қиласизми? Дарс қилмайсиз. Кўпчилик қилмайди», — деди Турдимов.
Энди савол шуки, вазир айтган бу фикрлар таълим тизимида амалда қандай ўзгаришларга олиб келади?
Тил байрамида тарихий қарор
Ўзбек алифбосида тўртта ҳарф ўзгарди. Ёзувдаги «ng» бирикмаси алифбодан чиқарилди, аммо товуш сақланиб қолади.
Алифбо масаласи кеча ёки бугун пайдо бўлган баҳс эмас. Бу мавзу кўтарилганида турли фикрлар билдирилган, таклифлар муҳокама қилинган, аммо якуний қарор ортга сурилиб келган. 2023-йил 11-декабрда жадидлар меросига бағишланган халқаро конференцияда ҳам бу масала очиқ кўтарилган эди. Ўшанда алифбо борасидаги узоқ йиллик баҳсларга нуқта қўйиш вақти келгани айтилганди.
Орадан қарийб уч йил ўтиб, масала ҳуқуқий ечимини топди. Президент Шавкат Мирзиёев 21-октябр куни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонунни имзолади. Янги алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлиши белгиланган. Амалдаги ҳарфлар ва ҳарфлар бирикмаларига оид қоидалар ўзгариб, янги шакллар жорий этилмоқда. Қонун расмий эълон қилинган кундан олти ой ўтгач кучга киради.
Бу ўзгариш барча ҳужжатларни бирданига алмаштириш кераклигини англатмайди. Қонун кучга киргунига қадар аввалги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюталар ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади. Давлат ташкилотларининг аввалги ҳарфлар туширилган рамзий белгилари, пешлавҳалари ва кўрсаткичларидан ҳам улар яроқсиз ҳолга келгунига қадар ёки Вазирлар Маҳкамаси белгилаган муддатгача фойдаланиш мумкин бўлади. Ҳукумат икки ой муддатда қонун ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак.
Шундай қилиб, йиллар давомида муҳокама қилинган алифбо масаласи бўйича қарор қабул қилинди. Энди асосий савол — янги алифбога ўтиш жараёни қандай ташкил этилади?
«Made in Qashqadaryo»: миллиардлаб долларлик лойиҳалар
6 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар, халқаро учрашувлар ва янги ташаббуслар. Бу ҳафта президентнинг кун тартибида нималар бўлди?
Ҳафта бошида Шавкат Мирзиёев АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашиб, музокаралар олиб борди. Шунингдек, интенсив балиқчиликни ривожлантириш, энергия тежамкор лимончилик иссиқхоналарини ташкил этиш ва рақамли таълим экотизимини ривожлантириш бўйича тақдимотлар билан танишди. Фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш, сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам кун тартибидан жой олди.
Халқаро учрашувлар ҳам давом этди. Президент БМТ Бош ассамблеясининг 81-сессияси раиси, Бангладеш ташқи ишлар вазири ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси ҳамда ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раисини қабул қилди.
Ҳафтанинг асосий воқеаларидан бири Қашқадарёдаги ташриф бўлди. Вилоятда умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 161 та лойиҳани ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими ўтказилди. Давлат раҳбари Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг негизида ташкил этилган «Касблар шаҳарчаси» билан танишди. Ғузор туманида «Қашқадарё Жингу» корхонасининг Шинжон усулида пахта етиштирилаётган даласига борди. Қамаши туманидаги Чим маҳалласида эса ободонлаштириш ишлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
Хуллас, бу ҳафтада халқаро мулоқотлар ҳам, иқтисодий лойиҳалар ҳам кун тартибида бўлди. Қашқадарёда эса миллиардлаб долларлик режалар эълон қилинди.
Биринчи хонимларнинг Самарқанддаги учрашуви
Бу ҳафта Самарқандга болалар фаровонлигига бағишланган халқаро саммит учун турли мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар келди. Улар орасида кимлар бор эди ва қандай муҳим янгиликлар эълон қилинди?
Саммитда Туркия биринчи хоними Эмина Эрдоған, Қирғизистон президенти рафиқаси Ойгул Жапарова, Ливан президенти рафиқаси Нимет Аун ва бошқа меҳмонлар қатнашди. Тадбирда президентнинг қизи, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳам сўзга чиқди.
«Бугун болаларимизнинг бахти, саломатлиги ва хавфсизлиги бизнинг қўлимизда. Шунинг учун болалар олдидаги масъулиятимиз эртага эмас, айнан бугундан бошланади», — деди у.
Саммитда яна бир муҳим янгилик эълон қилинди: оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга, жумладан, саратонга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ тузилди. Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева ушбу тармоққа икки йил муддатга раис бўлди.
Самарқандда болалар учун «ИМКОН» маркази ҳам очилди. Бу ерда мактабгача таълим, коррекцион-педагогик ёрдам ва реабилитация хизматлари бирлаштирилган. Марказнинг мактабгача таълим бўлими 150 ўринга мўлжалланган. Амбулатор бўлимида эса ойига қарийб 100 бола реабилитация курсидан ўтиши мумкин.
Саммитнинг маданий дастури доирасида Зироат Мирзиёева бошқа биринчи хонimлар ва юқори мартабали меҳмонлар билан биргаликда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ҳам ташриф буюрди.
Хуллас, Самарқанддаги саммитда болалар фаровонлиги муҳокама қилинди, янги Глобал тармоқ тузилди ва болаларга комплекс ёрдам кўрсатадиган «ИМКОН» маркази очилди.
«Анорбанк» атрофида нима бўляпти?
Ўтган йили Францияда ўғирлаб кетилгани ҳақидаги даъвоси муҳокамаларга сабаб бўлган, кейинчалик Интерпол қидирувига берилгани маълум бўлган «Анорбанк» акциядори Қаҳрамонжон Олимов бу сафар ўзига қўйилган айбловларни тан олмаслигини билдириб, баёнот берди.
Ёдингизда бўлса, Олимов 2025-йилнинг июнида Парижда ўғирлаб кетилгани, икки кун ушлаб турилиб, қийноққа солингани ва товон пули тўлашга мажбур қилинганини айтган эди. Кейинчалик эса унинг ўзи одам ўғирлаш ишида айбланаётгани маълум бўлди.
«The Insider» ва Франциянинг «L’Express» нашрлари ўтказган суриштирувда Олимовнинг ўғирлаб кетилгани ҳақидаги даъволарга шубҳа уйғотувчи ҳолатлар келтирилган. Нашрлар воқеа атрофидаги айрим тафсилотларни шубҳали деб баҳолаган.
Олимов сўнгги баёнотида ўзи ва оиласи 18 ойдан бери босимга учраётганини айтиб, Франция ва Ўзбекистон суд тизимларига ишонишини билдирган.
Бу орада «Анорбанк»нинг халқаро рейтинги ҳам иккинчи марта пасайтирилиб, «CCC» даражасига туширилди. Банк ва Марказий банк эса молия муассасаси одатдагидек ишлаётгани, мижозлар олдидаги мажбуриятлар бажарилаётганини маълум қилган.
Олимов 2-октябр куни банк кузатув кенгашидан чиқиш учун ариза берган. Бу масала 28-октябр куни акциядорлар йиғилишида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Тошкентдаги электр узилишига шар сабаб бўлди
Қаттиқ шамол бўлганда ёки ёмғир, қор ёққанида симлар шикастланиб, чироқ ўчганини эшитгансиз, тўғрими? Лекин бу ҳафта тарихда бўлмаган бир ҳолат содир бўлди. 19-октябр куни Тошкентдаги тўртта туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминотидаги узилишга «Aksa Toshkent» иссиқлик электр станциясининг қурилмасига ҳавода учиб келган шар тушгани сабаб бўлди.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса соат 19:05 да юз берган. Ҳимоя тизими ишга тушиши оқибатида станция қуввати 460 МВтдан 185 МВтгача камайган. Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча узилган. Соат 19:25 да таъминот захира манбалари орқали тикланган, 19:38 да эса барча истеъмолчиларга электр етказиб бериш тўлиқ йўлга қўйилган. Вазирлик фуқароларни электр қурилмалари яқинида ҳавога шар учирмасликка чақирди.
Teglar






