Logo

AI-80 бензини биржа савдосига чиқди. «Заправка»ларга бериладими?

Kecha 14:503 daqiqa

«Ўзбекнефтгаз» томонидан 2025-йил 2-сентябрдан бошлаб AI-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатгани эълон қилинган. Президент қарори билан 2025-йил 1-декабрдан бошлаб аҳолини сифатли ва экологик тоза ёнилғи билан таъминлаган ҳолда AI-80 бензинини «заправка»ларда сотишнинг олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатиш белгиланган.

AI-80 бензини биржа савдосига чиқди. «Заправка»ларга бериладими? © FreePik

Ўзбекистонда AI-80 бензини биржа савдоларига чиқарилди. Энергетика вазирлиги берган изоҳга кўра, ушбу маркадаги автомобил ёқилғиси ҳайдовчиларга сотилмайди.

Айтилишича, биржа савдоларига чиқарилган AI-80 маркали бензин қайта ишлаш корхоналарида хомашё сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган. Ушбу маҳсулотдан технологик қайта ишлаш орқали юқори октанли бензин ва бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин.

Савдо шартларига кўра, уни фақат тегишли лицензияга эга қайта ишлаш корхоналари харид қилиши мумкин.

«Мазкур савдолар AI-80 бензинининг АЁҚШларда сотувга қайтарилишини англатмайди. Уни автомобилларга ёқилғи сифатида сотиш бўйича амалдаги чекловлар сақланади», — дейилади хабарда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров AI-92 бензинининг тоннаси 15 миллион сўмга қараб шишаётган, метан тақчиллиги шароитида ошиб бораётган талабга қарамай таклифнинг ўзгармаётгани ва нарх ошишига нисбатан регуляторлик чоралари қўлланилмаётган бир вазиятда AI-80-K2-L типидаги бензин тоннаси 8 250,3 минг сўмдан биржа савдоларига қўйила бошлаганига эътибор қаратди.

Савдонинг алоҳида шарти сифатида «2026-йил 4-июндаги топшириққа мувофиқ, AI-80 автобензини маҳсулот ишлаб чиқариш фаолияти учун лицензияга эга бўлган корхоналарга хомашё (компонент) сифатида сотилади. Битимнинг умумий ҳажмидан 5 фоизгача бўлган миқдорда етказиб берилмаслик шартнома шартларини бузиш ҳисобланмайди ва жарима санкцияларини қўллаш учун асос бўлмайди» талаби кўрсатилган.

«Мазкур топшириқ ҳукуматданми, қайсидир вазирликданми ёки Табиат суперқўмитасиданми — номаълум. Шунингдек, лотларда сотувчи номи ҳам беркитилган ёки тўлиқ кўрсатилмаган — OZB.RES.IQTISODIYOT VA MOLIYA VAZIRLIGI HUZURIDAGI (кейинги ёзувлар йўқ, лекин Давлат захираларини бошқариш қўмитаси бўлиши мумкин) тарзида акс этган», — дея ёзди Бакиров ўз саҳифасида.

2024-йилнинг бошида президент Шавкат Мирзиёев уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилишда бош вазир Абдулла Ариповга AI-80 маркали бензиндан воз кечиш бўйича топшириқ берган эди.

Ўзбекистон президентининг 2025-йил 30-январдаги «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг «Атрофни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонига кўра, президент Шавкат Мирзиёев 2025-йилнинг охиригача AI-80 бензинидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш, аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этиш бўйича топшириқ берган эди.

Фармон лойиҳасида «Евро-4» экологик стандартидан паст бўлган ёқилғини тўлиқ тақиқлаш ҳақида сўз боради. Шунингдек, ўтган йилнинг охирига қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилган эди, авария ва фавқулодда вазиятлар бундан мустасно.

«Ўзбекнефтгаз» томонидан 2025-йил 2-сентябрдан бошлаб AI-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатгани эълон қилинган. Президент қарори билан 2025-йил 1-декабрдан бошлаб аҳолини сифатли ва экологик тоза ёнилғи билан таъминлаган ҳолда AI-80 бензинини «заправка»ларда сотишнинг олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатиш белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid