Андижон вилоят ҳоким ўринбосари 50 минг доллар пора билан қўлга тушди
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари ер ажратиш эвазига 50 минг доллар пора талаб қилгани учун тезкор тадбирда қўлга олинди. Бу ҳақда «Vaqt.uz»нинг Андижон вилояти ҳокимлигидаги манбаси маълум қилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 2026 йил 4 апрел куни С.Р. Тиллаволдиевнинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари Исманов Исомиддин Бахриддинович пора билан қўлга олинди.
Терговга кўра, у фуқаро С.Р. Тиллаволдиевга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун Андижон вилояти Бобур шаҳри ҳудудида жойлашган 20 сотих ер майдонини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Ушбу жараёнда ерни аукционга чиқариш ва кейинчалик уни ариза муаллифи номига ўтказиш масаласини ҳал қилиб беришини билдирган.
Хизмат ҳақи
Мазкур хизматлар эвазига ҳар бир сотих ер учун 2 500 АҚШ долларидан, жами 50 000 доллар миқдорида пора талаб қилинган. Ушбу пул маблағлари кимёвий ишлов берилган ҳолда тезкор тадбир доирасида топширилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, Исманов пулни Андижон шаҳри «Далварзин» маҳалласидаги ўз уйида қабул қилаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ушбу ҳолат тезкор тадбир жараёнида қайд этилган.
Айбловлар
Мазкур ҳолат юзасидан 2026 йил 5 апрел куни И.Б. Исмановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан 030022/2026-4-сонли жиноят иши қўзғатилган.
Б. Исманов ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ВСХга жойлаштирилган.
Маълумот учун, И.Б. Исманов 2022–2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, 2025 йил май ойидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
2025 йил декабр ойида кадрларнинг амалдаги захирасига ўтказилиб, Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.





