add

Дунё миллиардерларининг бойлиги рекорд даражага чиқди

Bugun 15:022 daqiqa

2025 йилда дунё миллиардерларининг жами бойлиги тарихий максимумга етди, бу эса сиёсий жиҳатдан хавфли оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Дунё миллиардерларининг бойлиги рекорд даражага чиқди

2025 йилда дунёдаги миллиардерларнинг жами бойлиги рекорд даражага етди. Бу ҳақда «Oxfam» хайрия ташкилоти тайёрлаган йиллик ҳисоботга асосланиб, «France24» хабар қилмоқда. Ҳисобот Давосдаги иқтисодий форум арафасида эълон қилинди ва унда ўта бой қатлам даромадларининг кескин ўсиши «жуда хавфли» сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланади.

«Oxfam» маълумотларига кўра, 2025 йилда миллиардерлар бойлиги 16,2 фоизга ўсиб, 18,3 трлн долларга етган. Бу ўсишнинг асосий омилларидан бири АҚШ президенти Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддатида олиб бораётган сиёсати билан боғланмоқда. Ташкилотнинг фикрича, дерегуляция ва корпоратив солиққа оид халқаро келишувларни заифлаштириш энг бой инсонлар даромадларининг жадал ўсишига йўл очган.

Ҳисоботда илк бор дунёдаги миллиардерлар сони 3 минг кишидан ошгани қайд этилган. Шу билан бирга, дунёдаги энг бой 12 нафар инсон, жумладан, «Tesla» ва «SpaceX» раҳбари Илон Маск Ер юзи аҳолисининг энг камбағал ярми — тўрт миллиарддан ортиқ инсонга нисбатан кўпроқ бойликка эгалик қилади.

«Oxfam» бойликнинг сиёсий таъсирга айланаётганига ҳам эътибор қаратган. Мисол сифатида Илон Маск томонидан «X» ижтимоий тармоғини сотиб олиш ва «Amazon» асосчиси Жефф Безоснинг «The Washington Post» газетасини харид қилиши келтирилади. Ташкилот ижрочи директори Амитаб Беҳар бу ҳолатни «сиёсий тақчиллик» деб атаб, уни хавфли ва барқарор бўлмаган жараён сифатида баҳолайди.

Доналд Трамп Давос форумига АҚШ тарихидаги энг йирик делегациялардан бири билан ташриф буюриши кутилмоқда. Унинг иштироки аллақачон норозиликларга сабаб бўлди — Давосда тахминан 300 нафар фаол форумни демократик легитимликдан йироқ, деб танқид қилди.

«Oxfam»нинг таъкидлашича, АҚШ корпорацияларини 15 фоизлик глобал минимал солиқдан озод қилиш қарорлари ижтимоий тенгсизлик муаммосига эътибор берилмаётганини яққол кўрсатади. Ташкилот фикрича, бойликнинг ҳаддан ташқари жамланиши демократияни заифлаштиради ва дунё аҳолисининг аксарияти ҳуқуқларига таҳдид солади.

Teglar

Mavzuga oid