
Экоқўмита ҳаво ифлосланиши 17 январгача давом этишини маълум қилди
Инверсия ҳодисаси сабаб Тошкент ва бошқа ҳудудларда ҳаво сифати ёмонлашиб, корхона ва автотранспортларга нисбатан чекловлар кучайтирилмоқда.

Ўзбекистонда кузатилаётган ноқулай метеорологик шароитлар сабаб атмосфера ҳавосининг ифлосланиши 16–17 январгача давом этиши мумкин. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди. Қўмитага кўра, ҳарорат инверсияси ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини чеклаб қўяётган асосий омил бўлмоқда.
8 январ куни соат 09:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосидаги PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 101 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу рухсат этилган меъёрдан 1,7 баробар юқори экани қайд этилди.
Қўмита раиси ўринбосари Искандар Қутбиддиновнинг таъкидлашича, кундузги ва кечки ҳарорат ўртасидаги фарқ айрим ҳолларда 14 даражагача етиши, туман тушиши ҳамда шамол тезлигининг пасайиши ифлослантирувчи моддаларнинг ҳавода тўпланиб қолишига олиб келмоқда.
Унинг сўзларига кўра, махсус комиссия ўз фаолиятини тўхтатмаган ва аҳолига мунтазам ахборот бериб бормоқда. Айни пайтда асосий эътибор саноат ва хўжалик объектларида экологик рейдлар ҳамда назорат тадбирларини кучайтиришга қаратилган.
Ноқулай об-ҳаво шароитида атмосфера ҳавосига антропоген юкламани камайтириш мақсадида айрим корхоналар қуввати чекланди, баъзиларининг фаолияти эса вақтинча тўхтатилди. 1–7 январь кунлари Тошкент шаҳрида 12 та, Тошкент вилоятида эса 22 та ишлаб чиқариш корхонасида текширувлар ўтказилди. Шунингдек, ҳавони ифлослантирган ўнлаб автотранспорт воситаларига нисбатан маъмурий чоралар қўлланди.
Таъкидланишича, 17 январдан сўнг ёғингарчилик ва шамол кучайиши натижасида ҳаво сифати босқичма-босқич нормаллашиши кутилмоқда. Инверсия қисқа муддатли ҳодиса бўлиб, уни юмшатиш учун давлат идоралари кучайтирилган режимда ишлашда давом этади.





