
1 январдан Ўзбекистонда ер солиғи ставкалари ошди
2026 йилдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ тўловлари оширилиб, ставкаларни маҳаллий Кенгашлар белгилайдиган бўлди.

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан ер солиғининг янги ставкалари кучга кирди. Бу 2025 йил 25 декабрда қабул қилинган қонунга мувофиқ жорий этилди. Ҳужжат Солиқ кодексига солиқ ва бюджет сиёсатидаги ўзгаришлар билан боғлиқ қатор тузатишларни назарда тутади.
Қонунга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқнинг базавий ставкалари ўртача 7 фоизга оширилди. Бу, аввало, шаҳарлар ва саноат ҳудудларида жойлашган ер участкалари учун солиқ юкламасининг ошишини англатади.

Юридик шахслар учун 1 гектар ерга белгиланган базавий ставкалар сақланиб қолган ҳолда, айрим тоифалар бўйича коэффициентлар қайта кўриб чиқилди. Хусусан, инфратузилма объектлари жойлашган ерлар учун солиқ ставкаларига қўлланиладиган коэффициент 0,45 дан 0,48 гача оширилди. Бу электр узатиш линиялари, алоқа тармоқлари, темир йўллар, магистрал нефт ва газ қувурлари, аэропорт инфратузилмаси ҳамда консервацияланган объектларга тааллуқли.

Жисмоний шахсларга тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари учун ер солиғи ҳар бир квадрат метр ҳисобида белгиланади. Бунда ҳудудий Кенгашлар ва Қорақалпоғистон Жўқори Кенгеси солиқ ставкаларига 0,5 дан 1,2 гача оширувчи ёки пасайтирувчи коэффициент қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.
Қишлоқ хўжалиги ерлари учун солиқ ставкаси ўзгаришсиз қолди. Улар учун солиқ ернинг меъёрий қийматининг 0,95 фоизи даражасида сақланиб, бу ставка жисмоний ва юридик шахслар учун бир хил қўлланилади. Худди шу тартиб иссиқхона хўжаликлари жойлашган ерларга ҳам татбиқ этилади.
Янги йилдан юридик шахслар учун ер солиғи ҳисоботини тузишнинг проактив тартиби жорий этилмоқда. Солиқ органлари ҳисоботни мавжуд маълумотлар асосида тайёрлайди, солиқ тўловчи эса беш кун ичида унга тузатиш киритиш ҳуқуқига эга. Агар тузатиш киритилмаса, ҳисобот қабул қилинган ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан бошлаб солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун қўлланиладиган маъмурий жарималар миқдори камайиши ҳақида хабар бергандик.





