add

Олий таълим вазири 10 та олийгоҳда икки йил давомида коррупция аниқланмаганини айтди

Kecha 11:382 daqiqa

Қўнғиротбой Шариповга кўра, аввал қониқарсиз деб баҳоланган олий таълим муассасаларида амалий чоралар кўрилгани сабаб коррупциявий ҳолатлар қайд этилмаган.

Олий таълим вазири 10 та олийгоҳда икки йил давомида коррупция аниқланмаганини айтди

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги паст деб баҳоланган 10 та олий таълим муассасасида кейинги икки йил давомида бирор марта ҳам коррупциявий жиноят қайд этилмади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги раҳбари Қўнғиротбой Шарипов маълум қилди.

Вазир 23 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида сўзга чиқиб, 2023 йилда ўтказилган махсус сўровнома натижалари ҳақида ахборот берди. Унда 100 дан ортиқ олий таълим муассасасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича рейтинги шакллантирилган.

«Рейтингда қониқарсиз натижа кўрсатган олий таълим муассасаларининг таълим жараёнларида коррупциявий хавфларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган. Таъкидлаш жоизки, рейтингда қониқарсиз деб топилган 10 та олий таълим муассасаларида 2024−2025 йиллар мобайнида коррупцияга оид жиноятлар қайд этилмаган», — деди Қўнғиротбой Шарипов.

Коррупция ҳолатлари аниқланмаган олийгоҳлар қаторига Тошкент давлат стоматология институти, Урганч давлат педагогика институти, Наманган тўқимачилик саноати институти, Тошкент давлат техника университетининг Қўқон ва Олмалиқ филиаллари, Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали, Тошкент кимё-технологиялар институтининг Шаҳрисабз филиали ҳамда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Нукус филиали киритилган.

Қайд этилишича, ушбу натижалар асосида мазкур олийгоҳларда коррупцияга қарши курашиш даражаси «қониқарли»дан «яхши» тоифага ўтказилган. Айни пайтда барча олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолайдиган ягона рақамли платформа яратиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid