«Emirates» Ўзбекистонга авиақатновларни йўлга қўйиши мумкин
«Emirates» Дубайда жойлашган энг йирик халқаро авиакомпаниялардан биридир. Ташувчининг йўналишлар тармоғи дунёнинг қарийб 80 та мамлакатидаги 150 дан ортиқ манзилни қамраб олган.

Бирлашган Араб Амирликларининг «Emirates» авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам рейслар очиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати хабар берди.
20 ноябр куни «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти раҳбарияти «Emirates Group» компаниясининг халқаро авиация сиёсати ҳамда давлат органлари билан алоқалар бўйича масъул вакиллари билан амалий учрашув ўтказди. Музокараларнинг асосий мавзуси «Emirates» авиакомпаниясининг Ўзбекистон авиация бозорига кириш имконияти бўлди.
Учрашувда меҳмонларга Ўзбекистон халқаро аэропортларини ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш, йўловчи ташиш динамикаси, шунингдек, мамлакатнинг ўсиб бораётган сайёҳлик ва транзит салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари, истиқболли йўналишлар ҳамда янги рейсларни очишда авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги механизмларга алоҳида эътибор қаратилди.
«Uzbekistan Airports» маълумотига кўра, «Emirates» Ўзбекистонга мунтазам рейсларни очишни «йўловчилар талаби, аэропортларнинг инфратузилма имкониятлари ва йўналишларнинг тижорат салоҳиятини ўрганиб чиққандан кейин» кўриб чиқиши мумкин. Ўз навбатида, «Uzbekistan Airports» БААдаги ҳамкорларга зарур маълумотларни тақдим этиш ва маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.
«Музокаралар якунида томонлар кейинги ҳамкорликдан манфаатдор эканини билдирди», — дейилади хабарда.
Айни пайтда Ўзбекистон авиация бозорида БААнинг «Fly Dubai», «Air Arabia» ва «Etihad Airways» авиаташувчилари мавжуд. «Emirates»нинг эҳтимолий келиши икки давлат ўртасидаги авиация алоқаларини мустаҳкамлаши ва йўловчиларга Дубай орқали халқаро парвозлар учун қўшимча имкониятлар яратиши қайд этилган.
«Emirates» Дубайда жойлашган энг йирик халқаро авиакомпаниялардан биридир. Ташувчининг йўналишлар тармоғи дунёнинг қарийб 80 та мамлакатидаги 150 дан ортиқ манзилни қамраб олган. Авиакомпания энг йирик кенг фюзеляжли ҳаво кемалари паркига эга бўлиб, узоқ масофаларга халқаро ташувларни амалга оширишга ихтисослашган.





