Марказий банк ваколати қисқартирилади: устав капитали меъёрлари қонун билан белгиланяпти

Bugun 13:353 daqiqa

Сенат маъқуллаган қонун билан Ўзбекистонда тўлов ташкилотлари устав фондида хорижий инвесторлар улуши 50 фоиз билан чекланиши белгиланмоқда. Бу давлат назоратини кучайтириш ва бозор барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Марказий банк ваколати қисқартирилади: устав капитали меъёрлари қонун билан белгиланяпти © Олий Мажлис Сенати

Марказий банкнинг тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдорини белгилаш ваколати бекор қилинмоқда. Бу бугун, 8-апрел куни Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда белгиланмоқда.

«Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг устав фондига белгиланган меъёрлар, талаблар ҳам қўйиляпти. Тўлов тизими оператори устав фондининг, устав капиталининг энг кам миқдори 50 миллиард сўмни ташкил қилиши керак. Тўлов ташкилотининг устав фонди эса, энди устав капитали кам миқдори 20 миллиард сўмни ташкил қилиши керак. Демак, тўлов оператори 50 миллиард сўмдан кам бўлмаган, тўлов ташкилоти эса 20 миллиард сўмдан кам бўлмаган устав капиталига эга бўлиши керак», – деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев.

Сенаторлар маъқуллаган қонунга кўра, тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилоти устав фондининг энг кам миқдорини лицензия бериш тўғрисидаги ариза бериладиган кунгача шакллантириши керак. Фақат шундан кейингина улар ариза билан мурожаат қилганда, уларга тегишли тартибда лицензия берилади ва улар лицензия асосида ўзининг фаолиятини амалга оширади.

«Ҳам тўлов операторлари, ҳам тўлов ташкилотлари учун устав фондининг аниқ нормалари, меъёрлари 50 миллиард ва 20 миллиард сўм миқдорида белгиланганлиги сабабли, бу «Марказий банк тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартириш киритиляпти. Марказий банкнинг ваколатидан мана шу миқдорни белгилаш вазифаси чиқариб ташланяпти», – деди Гадоев.

Тўлов ташкилоти ва тўлов тизими оператори нима?

Қонун билан тўлов ташкилотлари ва уларнинг юридик мақомини белгиловчи алоҳида норма киритиляпти. Тўлов ташкилоти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган, банк ҳисобланмайдиган юридик шахслар ҳисобланади. Тўлов ташкилоти акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади ва унинг фаолияти лицензия асосида амалга оширилади.

Қонун билан тўлов тизимининг оператори ва унинг вазифалари ҳам белгиланяпти. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс тўлов тизими оператори ҳисобланади.

Хорижий тўлов ташкилотлари учун талаб

Янги қонунга кўра, халқаро молия ташкилотлари, чет эл банклари ҳамда чет эл тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ва кредит ташкилоти ҳисобланмайдиган норезидент юридик шахсларнинг ҳамда жисмоний шахсларнинг тўлов тизими оператори ёки тўлов ташкилоти устав фондидаги жами улуши 50 фоизгача бўлиши керак.

«50 фоиздан кам бўлиши керак. Қолган қисми Ўзбекистоннинг резиденти бўлган юридик ёки жисмоний шахсларники бўлиши керак. Бу ерда ҳам чеклов қўлланиляпти. Албатта, бу давлат томонидан назоратни амалга ошириш мақсадида қилинаяпти», – дея тушунтиди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси.

Teglar

Mavzuga oid