Май ойида сўм долларга нисбатан қадрсизланди
Апрел ойида мустаҳкамланган сўм май ойида қайтадан босим остида қолиб, АҚШ долларига нисбатан 0,5 фоизга қадрсизланди.
© Ijtimoiy tarmoqlarИқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, май ойида ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 0,5 фоизга қадрсизланган. Бу апрель ойида кузатилган ижобий динамикадан кейинги ўзгариш бўлди. Ўтган ойда миллий валюта долларга нисбатан қарийб 2 фоизга мустаҳкамланган эди.
Таҳлилга кўра, май ойида долларнинг кучайиши фақат сўмга нисбатан эмас, балки жаҳоннинг кўплаб валюталарига нисбатан ҳам кузатилган. Апрель ойида танлаб олинган 39 та валютанинг 32 таси долларга нисбатан мустаҳкамланган бўлса, май ойида вазият тескари йўналишда ривожланиб, 25 та валюта долларга нисбатан қадрсизланган.
Тенге ва рубл динамикаси
Апрел ойида энг яхши натижа кўрсатган валюталардан бири бўлган Қозоғистон тенгеси май ойида долларга нисбатан 5 фоизга қадрсизланган. Бу минтақадаги валюталар ҳаракати ташқи омилларга қанчалик боғлиқлигини кўрсатади.

Манба: Mirkonomika
Шу билан бирга, Россия рубли ўз мустаҳкамланишини давом эттирган. Май ойида рубль долларга нисбатан 5,1 фоизга қимматлашган. Таққослаш учун, апрель ойида ҳам рубль 8,1 фоизга мустаҳкамланган эди.
Йирик валюталар ҳолати
Йирик халқаро валюталар ҳам май ойида долларга нисбатан қиймат йўқотган. Британия фунт стерлинги ва Япония иенаси 1,4 фоизга қадрсизланган бўлса, Швейцария франки 0,6 фоизга, евро эса 0,5 фоизга арзонлашган.
Бу ҳолат май ойида АҚШ долларининг халқаро валюта бозорларида нисбатан кучайганини ва унинг кўплаб миллий валюталарга босим ўтказганини кўрсатади.
Сўмнинг тебранувчанлиги

Манба: Mirkonomika
Ой давомида сўмнинг кунлик тебранувчанлиги 0,31 фоизни ташкил этиб, апрель ойига нисбатан тебранувчанлик сезиларли кенгайган.
Аммо 2025 йилнинг мос ойига нисбатан волотиллик 9,2 фоизга пастроқ шаклланмоқда.





