Logo

Метан «заправка»лар ёпилиши ҳақидаги хабарлар бензин нархига таъсир қилмоқда — «Ўзбекнефтгаз»

Таъкидланишича, айрим хусусий ёқилғи қуйиш шохобчалари бензин тақчил бўлиб қолишидан хавотирланиб, олдиндан кўпроқ маҳсулот харид қилишга ва захира тўплашга ҳаракат қилмоқда.

Метан «заправка»лар ёпилиши ҳақидаги хабарлар бензин нархига таъсир қилмоқда — «Ўзбекнефтгаз» © Foto: Vaqt.uz

Ижтимоий тармоқларда қиш мавсумида метан газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар киритилиши ҳақидаги тасдиқланмаган хабарларнинг тарқалиши биржа савдоларида бензинга бўлган талаб ва нархларнинг ошишига таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» матбуот котиби Мўмин Ибодов брифингда маълум қилди.

Унга кўра, айрим хусусий ёқилғи қуйиш шохобчалари бензин тақчил бўлиб қолишидан хавотирланиб, олдиндан кўпроқ маҳсулот харид қилишга ва захира тўплашга ҳаракат қилмоқда.

Бу эса биржа савдоларида харидорлар сони ва талабнинг ортишига, натижада нархлар кўтарилишига олиб келмоқда.

Матбуот котибининг таъкидлашича, ташқи бозорда халқаро нефть котировкалари тебранишига қарамасдан, «Ўзбекнефтгаз» томонидан биржа савдоларига чиқарилаётган автобензиннинг бошланғич нархи апрель ойидан буён ўзгармай, 1 тоннаси учун 14 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Ишлаб чиқариш ҳажми ва захиралар

Брифингда келтирилган маълумотларга кўра, жамият тизимидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан йил бошидан буён 916,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган. Бу белгиланган режага ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 101 фоизни ташкил этади. Ҳозирда заводда суткасига ўртача 3 200–3 400 тонна (2025 йилда ўртача 2 800 тонна) бензин ишлаб чиқарилмоқда.

Режага мувофиқ, ноябрь ойида 103,3 минг тонна (2025 йил ноябрда 87,2 минг тонна), декабрь ойида эса 123,1 минг тонна (ўтган йилнинг шу даврида 90 минг тонна) бензин ишлаб чиқарилиб, йил якунига қадар умумий ҳажм 1 миллион 100 минг тоннага етказилади. Бу 2025 йилги кўрсаткичга (1 миллион 30,6 минг тонна) нисбатан 107 фоизга тенг.

Қиш мавсумида ички бозорни барқарор таъминлаш мақсадида завод ва нефть базалари омборларида жами 102 минг тонна бензин захираси шакллантирилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (77 минг тонна) нисбатан 25 минг тоннага кўп бўлиб, икки ойлик истеъмол ҳажмини қоплаш имконини беради.

Биржа савдолари ва импорт

Мўмин Ибодовнинг таъкидлашича, бозорда хориждан маҳсулот келтирувчи хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келинаётган бензин импорти ҳажми жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб кескин камайган. Хусусан, октябрь ойида импорт ҳисобига ички бозорга жами 5,5 минг тонна бензин етказиб берилган.

Шунга қарамай, «Ўзбекнефтгаз» бугунги кунда биржа савдоларига кунлик жами 4,6 минг тонна бензин (2025 йилда ўртача 2,2 минг тонна), шу жумладан, 4,3 минг тонна АИ-92 русумли бензинни мунтазам жойлаштириб бормоқда.

Қишда метан шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилиб, бензинга талаб ошган тақдирда, биржага чиқариладиган кунлик ҳажмни 8 минг тоннагача, эҳтиёж яна кўпайганда эса 10 минг тоннагача етказиш имконияти ҳисобга олинган. Бундан ташқари, эҳтимолий тақчилликнинг олдини олиш мақсадида тизим корхонаси томонидан тайёр бензин импортини амалга ошириш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid