Миграция ва иқтисод: мигрантлар жўнатаётган пуллар айрим давлатлар учун ҳал қилувчи омилга айланган
Тожикистон пул ўтказмалари бўйича дунёда етакчи бўлиб, тушумлар ЯИМнинг 47,9 фоизини ташкил этади. Ўзбекистон ва бошқа давлатлар чет элдан юбориладиган пулларга қанчалик таянаётганини мақоладан билиб оласиз.
© Houssam Shbaro / Anadolu Agency via Getty ImagesАйрим иқтисодиётларда чет элда ишлаётган мигрантлар юборган пуллар шунчаки ёрдам эмас, балки миллий даромаднинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Масалан, Тожикистонда 2024-йилда пул ўтказмалари ЯИМнинг 47,9 фоизини ташкил этган бўлиб, бу дунёдаги энг юқори улуш ҳисобланади.
Жаҳон банки маълумотлари асосида тайёрланган қуйидаги визуализация 2024-йилда 194 та иқтисодиёт бўйича жисмоний шахслар пул ўтказмаларининг ЯИМга нисбатини кўрсатади. У миграция билан боғлиқ даромадлар жаҳондаги ўртача 0,82 фоиз кўрсаткичга нисбатан айрим давлатларда қанчалик катта аҳамиятга эга эканини намойиш этади.

Энг юқори улушга эга мамлакатлар рўйхати
Тожикистон 2024-йилда 47,9 фоиз кўрсаткич билан бошқа барча иқтисодиётлардан анча олдинда туради.
Никарагуа, Непал, Ҳондурас ва Самоа ҳам ажралиб туради, уларнинг ҳар бири миллий ишлаб чиқаришнинг тахминан чорак қисмини ушбу киримлар ҳисобидан таъминлайди. Дунё бўйича ўртача кўрсаткич эса атиги 0,82 фоиз.
Нима учун баъзи иқтисодиётлар пул ўтказмаларига кўпроқ боғлиқ?
Пул ўтказмаларига қарамлик одатда кичикроқ ёки даромади паст бўлган иқтисодиётларда юқори бўлади, чунки ишчи кучининг катта қисми чет элга миграция қилади. Юборилган маблағлар уй хўжаликлари харажатлари, таълим, уй-жой ва кундалик эҳтиёжларни қоплашга хизмат қилади ва ички иқтисодиётда муҳим рол ўйнайди.
Бу боғлиқлик икки томонлама таъсирга эга. Бир томондан, пул ўтказмалари кўпинча иқтисодий пасайиш даврларида хорижий инвестицияларга қараганда барқарорроқ бўлади. Иккинчи томондан, бундай давлатлар қабул қилувчи мамлакатлардаги меҳнат бозори ўзгаришлари, миграция сиёсати ва пул ўтказиш харажатларига жуда сезгир бўлади.
Ўзбекистон нечанчи ўринда?
2024-йилги маълумотлар асосида шакиллантирилган жадвалда Ўзбекистон 19-ўринда келтирилган. Чет элда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар юборган пуллар ЯИМнинг 14,4 фоизини ташкил қилган.
Ўзбекистон қўшниси бўлган Тожикистон ЯИМнинг 47,89 фоизи пул ўтказмаларига тўғри килиши билан биринчи ўринда турган бўлса, 17,74 фоиз билан Қирғизистон 14-, 0,08 фоиз билан Қозоғистон 116-ўринда кўрсатилган. Туркманистон эса рўйхатга киритилмаган.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, 2025-йилда мамлакатга чет элдан пул ўтказмалари 18,9 миллиард долларга етган. Бу 2020-йилдаги рақамлардан (6 миллиард доллар) уч баравардан, 2021-йилдагидан (8,1 миллиард доллар) икки каррадан зиёдга кўп.
Марказий банк таҳлилига кўра, ўзбекистонлик муҳожирлар Россия, Қозоғистон, Корея, Туркия каби анъанавий давлатлар билан бирга Европа ва Осиё меҳнат бозорига ҳам кенгроқ кириб бормоқда. Масалан, ўтган йили мамлакатга Европа Иттифоқидан мигрантлар 563 миллион доллар юборган. Бу 2024-йилдагидан 253 миллион долларга ёки 37 фоизга кўпроқ. Ўз навбатида, 2025-йилда АҚШдан Ўзбекистонга 665 миллион доллар (йиллик ўсиш 15 фоиз), Кореядан 612 миллион доллар (ўсиш 15 фоиз), Буюк Британиядан 188 миллион доллар (ўсиш 39 фоиз) ўтказилган. Ўз навбатида Қозоғистондан 903 миллион доллар (2024-йилда 795 миллион доллар), Туркиядан 547 миллион доллар юборилган (бир йил олдин 406 миллион доллар) келиб тушган.
Ўзбекистонга Россиядан пул ўтказмалари бўйича рақамлар келтирилмаган. Лекин мамлакатга энг йирик пул оқимлари айнан ушбу давлатдан келади.
Йирик иқтисодиётларда кичик улуш
Қизиғи шундаки, дунёдаги энг катта пул ўтказма қабул қилувчи мамлакатлардан баъзилари, масалан, Ҳиндистон, Мексика ва Филиппин ЯИМга нисбатан юқори ўринларда эмас.
Ҳиндистон: пул ўтказмалари ЯИМнинг 3,5 фоизи
Мексика: 3,6 фоизи
Филиппин: 8,7 фоизи
Оддий қилиб айтганда, йирик иқтисодиётларда даромад манбалари кўпроқ диверсификация қилинган бўлиб, пул ўтказмаларининг нисбий таъсири камроқ бўлади.
Пул юбориш харажатлари
Пул ўтказмалари жуда муҳим бўлишига қарамасдан, уларни юборишда юқори комиссиялар мавжуд. Айрим мамлакатларда ушбу харажатлар дунёдаги энг юқори даражада бўлиб, оилаларга етиб борадиган маблағни камайтиради.
Шу сабабли, харажатларни пасайтириш сиёсатчилар ва халқаро ташкилотлар учун устувор вазифалардан бири ҳисобланади, чунки ҳатто кичик камайиш ҳам пул ўтказмаларига боғлиқ мамлакатларда аҳоли даромадини сезиларли ошириши мумкин.





