
Божхона постлари тугатилмаяпти — қўмита изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан фарқли равишда, айрим божхона постлари ёпилмайди ва фаолиятини давом эттиради.

Божхона қўмитаси бир қатор чегара божхона постлари тугатилаётгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди. Қўмита баёнотида ушбу маълумотлар нотўғри эканлиги таъкидланди.
Расмий баёнотга кўра, Президентнинг 2025 йил 17 декабрда қабул қилинган «Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–250 сонли фармонига мувофиқ, 6 та божхона пости ва пунктида синов тариқасида янги тартиб жорий этилмоқда.
Яъни, 2026 йил 31 декабрга қадар ушбу пунктларда автотранспорт воситаларини кўздан кечириш ишлари чегара қўшинлари томонидан амалга оширилади. Гап «Боботоғ» божхона пункти, «Учтўрғон», «Поп», «Ровот», «Риштон» ҳамда «Бекобод авто» чегара божхона постлари ҳақида бормоқда. Бироқ бу ҳолат мазкур божхона постлари ёпилиши ёки тугатилишини англатмайди.
Қўмитаси изоҳига кўра, бу қарор орқали бир-бирини такрорловчи функциялар қисқартирилиб, айрим божхона назорати тартиб-таомиллари чегара қўшинларига ўтказилмоқда. Асосий мақсад — чегарадан ўтиш жараёнларини тезлаштириш, ортиқча бюрократик босқичларни камайтириш ва назорат самарадорлигини оширишдан иборат.
Шу билан бирга, ушбу божхона постлари ўз фаолиятини тўлиқ сақлаб қолади ва белгиланган вазифаларни бажаришда давом этади.





