
АҚШ Сенати Венесуэладаги ҳарбий ҳаракатларни чеклашга овоз берди
Сенат Трампнинг Венесуэлада конгресс розилигисиз ҳарбий қарорлар қабул қилишини чеклашни қўллаб-қувватлади. Президент Трамп эса назорат йиллаб давом этишини айтди.

АҚШ Сенати 8 январ куни Венесуэлада қўшимча ҳарбий ҳаракатларни Конгресс рухсатисиз амалга оширишни тақиқловчи резолюцияни илгари суриш учун овоз берди. «Reuters» агентлигига кўра, овоз бериш 52га 47 натижа билан якунланди.
Қайд этилишича, қарорни илгари суришда бир нечта республикачилар демократлар билан бирга овоз берди. Бу эса Доналд Трамп маъмуриятига нисбатан кутилмаган сиёсий қаршилик сифатида баҳоланмоқда.
Президент Трамп «New York Times нашрига берган интервюсида АҚШ Венесуэла устидан назоратни қисқа муддат эмас, балки йиллар давомида олиб бориши мумкинлигини билдирди. У Венесуэла нефт даромадлари АҚШ назоратида бўлиши эҳтимолини ҳам истисно қилмади. Трампнинг таъкидлашича, мамлакатни «фойдали тарзда қайта тиклаш» режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, президент Венесуэланинг қўшниси Колумбияга нисбатан ҳарбий таҳдидларни юмшатганини билдирди. У илгари кескин танқид қилган Колумбия президенти Густаво Петро билан мулоқотни ижобий баҳолаб, уни Вашингтонга таклиф этганини айтди.
Трамп сўзларига кўра, АҚШ ҳозирда Венесуэлада вақтинчалик президент сифатида фаолият юритаётган Делси Родригес ҳукумати билан «жуда яхши тил топишмоқда». У аввалги президент Николас Мадурони ҳибсга олиш мақсадида ўтказилган ҳарбий рейддан сўнг сиёсий вазият янги босқичга чиққанини таъкидлади.
Бу орада Венесуэла парламенти раҳбари Хорхе Родригес мамлакатда маҳаллий ва хорижий сиёсий маҳбусларни озод қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу қарор мухолифат талаблари асосида, бир томонлама қабул қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, ҳозирда Венесуэлада 863 нафар сиёсий маҳбус мавжуд.
Сенатда қабул қилинган резолюция қонун кучига кириши учун Қонунчилик палатасида ҳам маъқулланиши ва эҳтимолий президент ветосини бекор қилиш учун икки палатада учдан икки овоз тўплаши талаб этилади. Шунга қарамасдан, кузатувчилар бу овоз беришни Конгрессда Трамп сиёсатига нисбатан кучайиб бораётган эътирозлар белгиси сифатида баҳоламоқда.





