add

Ўзбошимча эгалланган ерларни қонунийлаштириш нархи оширилмайди

Bugun 13:102 daqiqa

Кадастр агентлиги ўзбошимча эгаллаб олинган ерларни қонунийлаштириш жараёни феврал охирида қимматлашиши ҳақидаги хабарларга расмий тушунтириш берди.

Ўзбошимча эгалланган ерларни қонунийлаштириш нархи оширилмайди

Ўзбекистонда ўзбошимча эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган биноларни қонунийлаштириш жараёни нархи оширилмайди. Бу ҳақда Кадастр агентлиги матбуот хизмати маълум қилди. Агентлик ижтимоий тармоқларда февраль ойи охиридан кейин хатлов ишлари қимматлашиши ҳақида тарқалаётган хабарларни рад этди.

Расмий маълумотга кўра, ерларни хатловдан ўтказиш ишлари 2024 йил ноябр ойидан бошланган ва ҳозирда режали тарзда давом этмоқда. Жараён 2028 йил 1 январга қадар амалга оширилади. Шу давр мобайнида хизматлар нархи оширилмайди ва фуқаролардан қўшимча тўлов талаб этилмайди.

Агентлик таъкидлашича, хатлов жараёнида фуқароларнинг ҳеч қаерга мурожаат қилиши шарт эмас. Кадастр агентлиги ходимлари маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, барча турар жой ва ер участкаларини қамраб олади.

«Феврал охиригача улгурмай қолсангиз, қимматга тушасиз деган масала йўқ. Хатловда ҳеч қаерга мурожаат қилинмайди. Хатлов номи билан хатлов, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, хатлов ўтказилади. Бирорта одамнинг уйи қолиб кетмайди», — дейилади расмий изоҳда.

Маълум қилинишича, ҳозирга қадар 291,7 мингта ариза жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Улардан 38,28 мингта ер участкаси эълон қилинган, 31,8 мингтаси кўриб чиқиш жараёнида, 36,8 мингта ер участкаси бўйича ҳуқуқлар эътироф этилган. Қолган аризалар ҳам белгиланган тартибда босқичма-босқич кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, агентлик ёлғон ахборот тарқатиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини ҳам эслатди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 8 ноябрдан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги қонун кучга кирган эди. Шу асосда Кадастр агентлиги 2024–2025 йиллар учун махсус режа-жадвал ишлаб чиққан.

Teglar

Mavzuga oid