Logo

Қирғизистонда олтин ва кумуш қазиб олишдан олинадиган даромад солиғи ставкалари янгиланди

Bugun 13:191 daqiqa

Олтин таркибли руда ва концентрат учун энг юқори ставка 39 фоизни ташкил этади.

Қирғизистонда олтин ва кумуш қазиб олишдан олинадиган даромад солиғи ставкалари янгиланди © Ijtimoiy tarmoqlar

Қирғизистонда олтин, кумуш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини қазиб оладиган компаниялар учун даромад солиғи ставкалари янгиланди. Бу ҳақда «Economist.kg» хабар берди.

Ўзгартишлар солиққа тортиш ва солиқдан ташқари даромадлар соҳасидаги қонунга киритилди. Қонунга киритилган ўзгартишларни президент Садир Жапаров 6-август куни имзолади.

Солиқ миқдори металлнинг жаҳон бозоридаги нархи ва маҳсулот турига қараб белгиланади. Олтин ёки кумушнинг бир троя унцияси нархи қанча юқори бўлса, солиқ ставкаси ҳам шунча юқори бўлади. Олтин таркибли руда ва концентрат учун ставка олтин нархи бир троя унцияси учун 3 минг долларгача бўлганда 30 фоиздан, 7 минг доллар ва ундан юқори бўлганда эса 39 фоизгача белгиланган.

Олтин қотишмаси ва аффинаж қилинган олтин учун шу нарх оралиғида ставка 20 фоиздан 29 фоизгача бўлади. Кумуш таркибли руда ва концентрат учун ставка металл нархи бир троя унцияси учун 50 долларгача бўлганда 16 фоиздан, 95 доллар ва ундан юқори бўлганда 26 фоизгача белгиланган.

Кумушдан тайёрланган маҳсулотлар учун ставка 11 фоиздан 21 фоизгача бўлади. Солиқ шкаласига кўра, олтин нархи кейинги диапазонга ҳар 500 долларга ошганда, солиқ ставкаси 1 фоиз пунктга кўтарилади. Кумуш учун эса кейинги нарх диапазонига ўтиш қадами 5 долларни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда бензин нархи 9 фоизга ошганди. Аммо нархлар Ўзбекистондагига қараганда пастлигича қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid