Logo

Қовун ҳиди уфуриб турган Хива: Хоразмда «Қовун сайли» фестивали бўлиб ўтмоқда (фоторепортаж)

Бу йилги фестивал ҳам минглаб меҳмонларни бир майдонга жамлади. Қадимий шаҳарда қовунчилик анъаналари ва миллий маданият уйғунлашиб, Хоразмнинг янги қиёфасини намоён этмоқда. Vaqt.uz мухбири фестивал майдонидан репортаж тайёрлади.

Қовун ҳиди уфуриб турган Хива: Хоразмда «Қовун сайли» фестивали бўлиб ўтмоқда (фоторепортаж) © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Хивада августнинг иссиқ кунлари одатдагидан бошқача ўтмоқда. Қадимий «Ичан қалъа» кўчаларида сайр қилар экансиз, аввал қулоғингизга карнай-сурнай садолари чалинади. Бироз юргач ҳавога тарқалган пишган қовун ҳиди сизни беихтиёр фестивал марказига етаклайди. Шу кунларда бу ерда ўтказилаётган «Қовун сайли – 2026» оддий қишлоқ хўжалиги кўргазмаси эмас, балки туризм, гастрономия, маданият ва бизнесни бирлаштирган катта майдонга айланди.

xorazm 1

xorazm 01


Фестивал бу йил ҳам 7–9-август кунлари Хиванинг икки асосий нуқтаси — тарихий «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳамда замонавий «Арда Хива» туристик мажмуасида ташкил этилмоқда.

Бу ерга мамлакатнинг турли ҳудудларидан меҳмонлар, хорижлик сайёҳлар, блогерлар, журналистлар ва туризм компаниялари вакиллари ташриф буюрган.

qovun sayli 02

qovun sayli 2


Фестивал марказида жойлашган 22 та тематик стендда Хоразмнинг барча туманлари ўзлари етиштирган қовун навларини намойиш қилмоқда. Фермерлар меҳмонларга маҳаллий навларнинг хусусиятлари, етиштириш усуллари ва кўп йиллик тажрибалари ҳақида маълумот бермоқда.

«Қовун етиштириш осон иш эмас. Эрта тонгда, қуёш чиқмасдан далага чиқамиз. Унга ўз боламиздек қараймиз, сувини вақтида берамиз. Бу йил об-ҳаво яхши келди, қовунларимиз ҳам ҳар йилгидан ширин, асалдек бўлиб пишди. Ҳосилимиз баракали бўлди. Фестивалга келган меҳмонлар қовунларимизни мақтаса, бутун йиллик чарчоғимиз бир зумда чиқиб кетади. Чет эллик меҳмонлар ҳам ҳайрон қолиб еяпти. Буни кўриб деҳқон сифатида кўксимиз тоғдек кўтарилади», — дейди фестиваль иштирокчиларидан бири бўлган деҳқон.

oziq-ovqat 3


Фестивал ҳудудининг яна бир гавжум нуқтаси гастрономик майдон ҳисобланади. Бу ерда шивит оши, гумма, Хоразм нонлари ва миллий ширинликлар тайёрланмоқда. Ошпазлар очиқ майдонда таом пиширади, карвинг усталари эса қовундан нафис безаклар ясаб, меҳмонларнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда.

«Хивага биринчи келишим. Очиғи, шаҳарнинг ўзи жуда гўзал, «Қовун сайли»га тўғри келиб қолганимдан эса жуда хурсандман. Бунақа ширин ҳидли қовунларни умримда татиб кўрмаганман. Ҳамма ёқда байрамона кайфият, мусиқа, одамларнинг самимий юзлари... Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигидан ва бу такрорланмас таъмлардан шунчаки лол қолдим!» – дейди франциялик сайёҳ.

turizm xorazm




Халқ ўйинлари ва саҳна томошалари

Фестивал ҳудудидаги энг гавжум жойлардан бири маданий дастурлар ташкил этилган саҳналар бўлди.

xorazm 05

xorzam 5



Фолклор ансамбллари, миллий қўшиқлар, театрлаштирилган чиқишлар, қўғирчоқ театри ва миллий либослар намойиши Хоразмнинг бой маданий меросини намоён этмоқда.

xorazm 6


Бошқа майдонда эса миллий кураш, белбоғли кураш, тош кўтариш, арқон тортиш ва халқ ўйинлари қизғин давом этмоқда. Болалар учун алоҳида ижодий майдончалар ва фотозоналар ташкил этилгани фестивални оилавий дам олиш масканига айлантирган.

Фақат байрам эмас, бизнес майдони ҳам

Фестивал нафақат маданий тадбир, балки бизнес учун ҳам муҳим мулоқот майдонига айланган. Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан келган туризм компаниялари маҳаллий туроператорлар билан B2B учрашувлар ўтказиб, янги сайёҳлик йўналишлари ва ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилмоқда.

Шунингдек, фестиваль доирасида «Invest in Khorezm» халқаро бизнес форуми ҳам бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 21 та дипломатик ваколатхона ва халқаро ташкилотдан 33 нафар вакил, хорижий инвесторлар, бизнес ва халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди.

Ғолиблар учун совринлар

«Қовун сайли»да фаол иштирок этганлар турли номинациялар бўйича Хоразм вилояти ҳокимлиги ва ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.

Бу йил ғолиблар учун BYD, Onix, Cobalt ва Damas автомобиллари, шунингдек бошқа қимматбаҳо совғалар тайёрланган.

avtomobil mukofot 7

«Қовун сайли» авваллари асосан мавсумий байрам сифатида қабул қилинган бўлса, бугун у анча кенг мазмун касб этган.

xorazm 8


Фестивал Хоразмнинг қовунчилик анъаналари, миллий таомлари, ҳунармандчилиги ва туристик имкониятларини бир майдонда намоён этаётган муҳим тадбирга айланди. Шу орқали вилоят нафақат ўзининг машҳур қовунларини, балки сайёҳлик ва иқтисодий салоҳиятини ҳам кенг дунёга тақдим этмоқда.

xorazm 9

Teglar

Mavzuga oid